ЖССТ миссияси коронавирус манбасини топиш учун Хитойга боради
Олам
−
16 Декабрь 2020
3326Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари гуруҳи коронавирус манбасини қидириш учун январь ойида Хитойга боради. Бу ҳақда миссия аъзоси Фабиан Лендертц маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, мутахассислар аллақачон хитойлик олимлар билан мунозараларни бошлаган.
Катта эҳтимол билан, ЖССТ мутахассислари Хитойнинг Ухань шаҳрига боришлари мумкин.
"Гап айбдор мамлакатни қидиришда эмас. Ташрифдан мақсад аслида нима бўлганини тушуниш ва келажакда ушбу маълумотларга асосланиб хавфни камайтиришнинг иложи бор-йўқлигини билишга уриниш бўлади", деган Лендертц.
Мутахассислар вирус биринчи марта қайд этилгунга қадар ҳам айланиб юрганини исботламоқчи.
Шунингдек, улар Ухань шаҳридаги бозорни ўрганишни режалаштирган.
Маълумот учун, коронавирус "ўчоғи" Уханда COVID-19 эпидемияси 2019 йилнинг декабрида бошланган эди.
Турли тахминларга кўра, коронавирус Ухань шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозорида пайдо бўлган.
Айни пайтгача Хитойда коронавирус билан боғлиқ 86 минг 770 та ҳолат қайд этилган. 81 минг 821 киши соғайиб кетган. 4 минг 634 нафар бемор вафот этган.
Дунёда коронавирусга чалинганлар 73 млндан ошган. 1,63 млн бемор вирус қурбони бўлган.