ЖССТ Ғазога 63 тонна тиббий асбоб-ускуналар етказиб берди
Олам
−
11 Ноябрь 2023
2740Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 21 октябрдан буён Ғазо секторига 63 тонна тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар етказиб берди, бироқ бу анклав аҳолиси эҳтиёжларини қондиришга яқин ҳам эмас. Бу ҳақда ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебреисус БМТ Хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқдаги вазият бўйича йиғилишида маълум қилди.
"ЖССТ 21 октябрь куни Рафаҳ ўтиш жойи орқали Ғазога биринчи тиббий ёрдам колоннасини жўнатишда иштирок этди. Ўшандан бери биз Ғазо Вади (Ғазо секторини кесиб ўтувчи қуруқ дарё)нинг шимолида жойлашган шифохоналарга керак бўладиган, тиббиёт ходимларига ҳаётларни сақлаб қолиш учун зарур бўлган 63 метрик тонна ихтисослаштирилган тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозларни етказиб бердик. Аммо бу талаб қилинадиган миқёсга яқин ҳам эмас”, деган Тедрос Аданом Гебреисус.
ЖССТ директорининг қўшимча қилишича, 21 октябрдан бери “кутилган 10 минг юк машинасидан фақат 650 таси” Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказа олган.
Шунингдек, у БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазода тинчликка эриша олмаётгани, бу эса уни ислоҳ қилиш зарурлигини исботлашини айтган.
"Кенгаш тинчлик ва хавфсизликка эришиш учун тузилган. Лекин Ғазо секторидаги инқироз Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди. Мен узоқ вақтдан бери Хавфсизлик Кенгаши ўз вазифасини бажармаяпти, деган фикрдаман. Дунёмизда ишончли ва долзарб куч бўлиб қолиш учун аъзо давлатлар, айниқса кенгашнинг доимий аъзолари уни ислоҳ қилиш заруратига жиддий ёндашишлари керак”, деган ЖССТ Бош директори.
Маълумот учун, БМТ Хавфсизлик Кенгашига 15 та давлат киради, улардан 5 таси (Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ ва Франция) доимий аъзолар, 10 таси эса икки йил муддатга аъзоликка сайланади. Ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам БМТнинг аксар давлатлари Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш зарурлигини тан олишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ЖССТ Бош директори Ғазо секторидаги 36 шифохонанинг деярли ярми ёқилғи етишмаслиги ва давом этаётган ҳужумлар туфайли ишламай қолганини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь