Жорж Флойднинг ўлимини тасвирга олган аёл Пулитцер мукофотига сазовор бўлди 

Олам

image

АҚШда кеча, 11 июнь куни Пулитцер мукофоти совриндорлари эълон қилинди. Бу ҳақда ташкилий қўмита веб-сайти хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлим дақиқаларини тасвирга олган америкалик Дарнелла Фрэзиер махсус мукофотга сазовор бўлди. Бундан ташқари, Миннеаполис штати газетаси “Star Tribune” Флойднинг ўлими ва ундан кейинги норозилик намойишларини ёритгани учун “Муҳим хабарлар” номинациясида ғолиб бўлди. 

“Жамиятга хизмат” номинациясида мукофот “New York Times” газетасига янги коронавирус пандемиясига бағишланган материаллар ёритгани учун берилди. Бундан ташқари, NYT муаллифларидан бири Уэсли Моррис ирқий тенгсизлик ҳақидаги мақолалари учун “Танқид” номинациясида мукофотга сазовор бўлди. 

Шунингдек, “BuzzFeed”, “Reuters”, “The Boston Globe”, “Tampa Bay Times” ва бошқа бир қатор нашрларнинг журналистлари ҳам мукофотларга сазовор бўлган. 

Маълумот ўрнида, Пулитцер мукофоти АҚШнинг адабиёт, журналистика, мусиқа ва театр соҳасидаги энг обрўли мукофотларидан биридир. Унга 1917 йилда асос солинган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил 25 май куни Миннеаполисда 46 ёшли америкалик Жорж Флойд собиқ полициячи томонидан ўлдирилган. Интернетда собиқ полициячи Флойднинг бўйнига тиззасини босган ва у нафас ололмаётганини такрорлаган видеоролик кўплаб америкаликларнинг ғазабига сабаб бўлган. Полиция шафқатсизлигига қарши норозилик намойишлари Миннеаполисни, кейин Американинг бошқа шаҳарларини қамраб олган ва ҳатто, АҚШ ташқарисига ҳам тарқалган. Бир қатор шаҳарларда норозилик намойишлари тартибсизликларга, бузғунчилик ҳаракатларига, дўконларни ёқиш ва талон-торож қилишга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувларга олиб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жорж Флойд

Баҳолаганлар

281

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг