Жо Байден талабаларнинг кредитларини ҳисобдан чиқармоқда
Олам
−
19 Октябрь 2022
5352АҚШ Президенти Жо Байден талабаларнинг кредит қарзларидан кечиш схемасини ишга туширди. Режага кўра, ўн миллионлаб битирувчиларнинг 20 минг долларгача бўлган кредитлари ҳисобдан чиқарилади. Бу ҳақда BBC нашри ёзмоқда.
Жаноб Байден ушбу қарорини миллионлаб америкаликлар учун ўйин қоидаларининг ўзгариши, деб изоҳлаган.
Байденнинг ушбу қарорини ҳамма ҳам хуш кайфият билан қабул қилгани йўқ. Айниқса, республикачилар Президентнинг қарорига қарши чиқмоқда. АҚШнинг олтита штатидан йиғилган гуруҳ Байденнинг талабаларнинг кредитларини ҳисобдан чиқариш борасидаги қарорига қарши судга мурожаат қилган. Улар мустақил таҳлилчилар фикрига кўра, 400 миллиард долларга тушадиган схемани солиқ тўловчиларга қўшимча оғирлик юклайди, деб ҳисобламоқда.
Ҳуқуқий муаммолар сабаб кредитлардан воз кечиш схемаси хавф остида қолаётганда, жаноб Байден ўз режасини ҳимоя қилишни бошлади.
“Конгресснинг республикачи аъзолари ва республикачи губернаторлар бу енгилликни (талабаларнинг кредитидан воз кечиш схемаси – таҳр.) бекор қилиш учун қўлларидан келганини амалга оширмоқда. Мен ишчи америкаликлар ва ўрта синф одамлари пандемия қолдирган асоратлардан халос бўлишлари учун уларга ёрдам бердим. Бунинг учун ҳеч қачон кечирим сўрамайман”, деган Америка Президенти.
Унинг таъкидлaшича, кредитлардан воз кечиш схемаси туфайли юқори даромадли шахс ёки юқори даромадли оила фойда кўрмайди.
Қарзидан воз кечилиши учун йиллик даромади 125 минг доллардан кам шахслар ёки йиллик умумий дарорамади 250 минг доллардан кам бўлган оилалар мурожаат қилиши мумкин. Уларнинг 10 минг долларлик кредитларидан воз кечилади. Аммо молиявий аҳволи ўта оғир бўлган битирувчиларнинг 20 минг долларлик қарзлари ҳисобдан чиқарилади.
Оқ уйнинг кутилмаларига кўра, 30 миллион америкалик талабалик кередитидан воз кечилишини сўраб мурожаат қилади. Қўшимчасига, Таълим Депертаментида маълумотлари мавжуд бўлган 8 миллион нафар қарздорнинг кредитлари автоматик равишда ҳисобдан чиқарилади.
Тахминан 43 миллион америкалик ҳукуматнинг талаба кредитидан 1,6 триллион доллар қарздор. Бу шуни англатадики, ҳар бир вояга етган америкаликнинг 6 нафаридан 1 нафари ёки ўрта маълумотга эга америкаликларнинг учдан бир қисми талаба кредитидан қарздор.
АҚШ Федерал резерв тизими маълумотларига кўра, ўртача талаба кредитининг миқдори 17 минг долларни ташкил этади. 17 фоиз қарздорлар 10 минг доллардан камроқ кредит олган. Қарзларнинг атиги 7 фоизи 100 минг доллардан кўпроқ ташкил этади.