Жиззахдаги текстил корхонасини 3 йил “талаган” қоровул ушланди (видео)
3-саҳифа
−
28 июл 10278 2 дақиқа
Жиззах шаҳридаги йирик текстил корхонасида 2022 йилдан буён содир этиб келинган йирик ўғрилик ҳолати фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, корхона хўжалик мудири Ички ишлар органларининг “112” ягона диспетчерлик хизматига мурожаат қилиб, 2022 йилдан буён корхона ҳудудидан жами 91 дона электр двигатели ва тикув машиналари ўғирлаб кетилганини билдирган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гумондорлар мис кабелларни қўлга киритиш мақсадида қўшни бинога деворни тешиб кирган. Мурожаат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан кенг қамровли тезкор тадбирлар ўтказилган. Видеокузатув ёзувлари ва бошқа тезкор маълумотлар таҳлили натижасида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида яшовчи қоровул навбатчилик қилган кунларда Сирдарё давлат рақамига эга автомобиллар кечаси корхона ҳудудига кириб, тонгда чиқиб кетгани аниқланган.
Терговга кўра, қоровул ўз маҳалладошини навбатчилик вақтида корхонага чақириб, электр двигателлари ва тикув машиналарини ноқонуний равишда олиб чиқиб сотган. Уларни ташишда яна икки нафар маҳалладоши мунтазам иштирок этгани ҳам аниқланган.
Суриштирув давомида ўғирланган мулклар Тошкент вилоятининг Бекобод туманида металлом қабул қилиш ва сотиш билан шуғулланувчи шахсга сотилгани маълум бўлган. Тезкор тадбирлар давомида ундан 4 та электр двигатели ва 7 та тикув машинаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳозирда Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, гумондорларнинг бошқа ўғирлик ҳолатларига алоқадорлиги ҳам текширилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари ўғирланган мулклар сони ва етказилган зарар миқдори яна ортиши мумкинлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда банклардан бирига бостириб кириб, ўзида портловчи модда борлигини айтган ҳолда пул талаб қилган шахс қўлга олинганди.
Live
Барчаси