Жиззахда йирик газ қувури портлади

Жамият

image
0:00
0:00
download

Бугун, 31 март куни ижтимоий тармоқларда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари чегарасида кучли гумбурлаган овоз эшитилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, кеча, 30 март куни соат 21:57 да Жиззах вилояти Зарбдор туман Нурафшон ширкат хўжалиги ҳудудидан ўтган диаметри 1020 мм бўлган “Пахтакор-Янгиер” магистрал газ қувури I тармоғи 30 километрида ёнғинсиз қувур ёрилиши содир бўлган.

Тезкорлик билан ҳолат юзасидан ваколатли органларга хабар берилган. Натижада соат 22:25 да “Ўзтрансгаз” АЖ марказий диспетчерлик хизмати кўрсатмаси билан “Пахтакор-Янгиер” магистрал газ қувурининг 19 км ва 54 км да беркитиш мосламалари тўлиқ ёпилган.

Ёрилиш натижасида жароҳатланган ёки жабрланганлар йўқ.  

Соат 00:00 атрофида махсус бригада зарурий авария тиклаш техника воситалари билан воқеа жойига етиб борган. Авария оқибатларини бартараф этиш, магистрал газ қувури фаолиятини тезкорлик билан тиклаш мақсадида штаб ташкиллаштирилган.

Энергетика вазири Алишер Султонов ҳодиса кўлами ва уни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни бевосита ўрганиш ҳамда тегишли чора кўриш учун зудлик билан воқеа жойига етиб борган.

“Айни пайтда авария тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда узунлиги 36 метр бўлган қувур монтаж қилиняпти. Мазкур жараёнга малакали мутахассислар ҳамда барча зарур техника воситалари жалб қилинган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Бугун соат 17:00 га қадар магистрал газ қувурини ишга тушириш режалаштирилган.

Қўшимча қилинишича, мазкур магистрал газ қувури 1984 йилда ишга туширилган. Айни пайтда ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

портлаш

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг