Жиззахда тут кесган шахс табиатга 738 млн сўм зарар етказди

3-саҳифа

image

Жиззах вилояти Дўстлик туманида фуқаро 13 туп тут дарахти кесиб, табиатга 738 миллион 750 минг сўм зарар етказгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, вазирликка Жиззах вилояти Дўстлик туманида яшовчи фуқаро Д.Н. томонидан тут дарахтлари ноқонуний кесилгани ҳақида мурожаат тушган ва мурожаат вилоят Экология бошқармаси томонидан ўрганилган. Унга кўра, Дўстлик тумани “Мевазор” МФЙ ҳудудидан ўтувчи “Саркисов” канали ёқасида 13 туп тут дарахти ноқонуний кесилгани аниқланган. Оқибатда Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 4, 37, 49-моддалари талаблари бузилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 93-сонли қарорига  асосан айрим тут дарахти турлари, хусусан, кесилган тутлар қимматбаҳо дарахт турига киритилган.

Ҳуқуқбузарлик оқибатида ўсимлик дунёсига 369 миллион 375 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарорига кўра эса давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий даврида дарахтлар ва буталарга етказилган зарар учун ундириш суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўлланиши белгиланган. Шунга асосланган ҳолда етказилган зарар миқдори 738 миллион 750 минг сўм миқдорида белгиланган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Дўстлик туман прокуратурасига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 4 туп ёнғоқ дарахтларини ҳеч қандай рухсатномаларсиз кесиб ташлаган фуқаро табиатга 247 миллион 500 минг сўм миқдорида зарар келтирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиззах тут

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг