Жиззахда инвестиция лойиҳалари учун 2,7 млрд доллар ажратилади
Жамият
−
30 Январь 2055 3 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 30 январь куни Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
2026-2027 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръатларини 8,5 фоизга етказиш, саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 8 фоизга ошириш, 5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва йиллик экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, жорий йилда вилоятда ишсизлик даражасини 4,6 фоизга, камбағалликни 2,8 фоизга тушириш, 182 та маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш кўзда тутилган.
Давлат раҳбари бу мақсадларга вилоятдаги маҳаллаларни чуқур ихтисослаштирмасдан эришиб бўлмаслигини қайд этган.
Шу муносабат билан вилоятда келгуси икки йилда янги модель ривожлантирилади. Ҳудуддаги 304 та маҳалланинг солиштирма устунликлари таҳлил қилиниб, уларнинг боғдорчилик, чорвачилик, сабзавот ва полизчилик, саноат, сервис ҳамда туризм йўналишларига ихтисослашувини чуқурлаштириш дастури ишлаб чиқилган.
Дастур доирасида 5 минг гектар эски боғ ва токзорларда сертификатланган кўчатлар экиш, 4,6 минг гектар саноатлашган плантациялар барпо этиш, 10 минг гектар аҳоли томорқаси ва ижара ер майдонларида ҳосилдорлиги юқори ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, 101 минг бош чорва молларининг наслини янгилаш, 5 та саноат микромарказлари, 6 та йирик туризм мажмуаларини ташкил этиш, ҳар бир туман марказида истироҳат боғларини барпо қилиш ва гавжум кўчалар ташкил этиш каби ишлар амалга оширилади.
Йиғилишда «драйвер» лойиҳалар инфратузилмасини мустаҳкамлаш учун жорий йилда 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Саноатни ривожлантириш мақсадида 2026-2027 йилларда умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Бунда вилоятдаги қўрғошин-рух, вольфрам, олтин ва бошқа норуда конлардан самарали фойдаланиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Зомин туманида қишлоқ хўжалиги илмий-саноат парки лойиҳасининг тақдимотида маккажўхорини қайта ишлаб, юқори фруктозали сироп ва аллюлоза ишлаб чиқариш қувватларини яратиш режалаштирилгани айтилган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишида наслли чорва молларни харид қилиш, туячиликни ривожлантириш, “Жайилма” каналини реконструкция қилиш чоралари кўрилади.
Қолаверса, жорий йилда 25 минг гектар лалми ва яйлов ерларини фойдаланишга киритиш ва яйловлардан самарали фойдаланиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Йиғилишда Жиззах вилоятининг туризм салоҳияти ҳам таҳлил қилинган. Айдар-Арнасой кўллар тизими, шунингдек, Бахмал, Фориш, Зафаробод, Шароф Рашидов ва Ғаллаорол туманларининг имкониятлари тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилган.
Жорий йилда маҳаллаларда ижтимоий объектлар, йўллар, ичимлик суви, канализация ва электр тармоқлари қурилиши учун 30 миллион доллар, келгуси йилда эса яна 10 миллион доллар маблағ ажратилади. Бунинг ҳисобига 14 маҳалладаги ижтимоий соҳа объектлари, олис 28 та маҳаллани боғловчи 105 километр йўллар, 9 та маҳалла аҳолиси учун 50 километр ичимлик суви, электр тармоқлари, 13 та маҳаллада 65 километр оқова сув тармоқлари қурилади ва таъмирланади.
Шаҳарсозлик йўналишида Бахмал, Зафаробод ва Ғаллаорол туманларини фазовий режалаштириш ва бош режаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани ягона агломерация ҳудуди сифатида ривожлантирилади. Бу бўйича ишлаб чиқиладиган бош режада шаҳар ичидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида 10 километрлик айланма йўл қуриш, шаҳар ва туманни боғлайдиган ягона жамоат транспорт тизимини йўлга қўйиш, ягона маъмурий бино қуриш орқали ташкилотларни бир жойга кўчириш назарда тутилади.
Йиғилиш якунида мутасаддиларга вилоятни янада ривожлантириш доирасидаги ҳар бир лойиҳани аҳоли бандлиги ҳамда турмуш даражасини ошириш билан боғлаб бажариш бўйича топшириқлар берилган.
Live
Барчаси