Жиноят кодекси янги модда билан тўлдирилади
Жамият
−
26 Июнь 2020
10473Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексига спортдаги келишилган ўйинларга алоқадор ўзгартиришлар киритиш режалаштириляпти. Бу ҳақда муҳокама учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида кўрсатилган.
Лойиҳага кўра, Жиноят кодекси қуйидаги мазмундаги 185-3-модда билан тўлдирилади:
“185-3-модда. Ўйинга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишилган ўйинлар ўтказиш ва уларда иштирок этиш
Спорт ўйинлари жараёни ёки унинг натижасига ноқонуний таъсир ўтказиш мақсадида спортчи, спорт ҳаками, тренери, спорт жамоаси раҳбари, бошқа иштирокчи ёки расмий спорт мусобақаси ташкилотчиси, шу жумладан, уларнинг раҳбар ва мутахассис ходимларига моддий қимматликлар бериш, мулкий манфаатдор этиш орқали ёки бошқа тарзда келишилган ўйинларни ташкил этиш ёки уларда иштирок этиш, –
бир йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорида жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Расмий спорт мусобақаси жараёни ёки унинг натижасига ноқонуний таъсир ўтказиш мақсадида спортчи, спорт ҳаками, тренери, спорт жамоаси раҳбари, бошқа иштирокчи ёки расмий спорт мусобақаси ташкилотчиси, жумладан, уларнинг раҳбар ва мутахассис ходимлари томонидан моддий қимматликлар олиш, мулкий манфаатдор бўлиш ёки бошқа тарзда келишилган ўйинларни ташкил этиш ёки уларда иштирок этиш, –
бир йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорида жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Айни ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, –
уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Башарти моддий қимматликлар берган ёки мулкий манфаатдор этган шахсга нисбатан моддий қимматликлар ёки мулкий манфаат сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.”;
2) саккизинчи бобдаги “Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин” атамасидаги “казино” сўзидан кейин “букмекерлик” сўзи билан тўлдирилади.
Жиноят-процессуал кодекси 345-моддасининг бешинчи қисми “173-моддаси учинчи қисмида,” деган сўзларидан кейин “185-3-моддасида” деган сўзлар билан тўлдирилади.
LiveБарчаси