Cobalt’да 41 кг “опий” олиб кетаётган шахс қўлга тушди (видео)

Crime

−

image

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 41 килодан ортиқ “опий”га ўхшаш модда аниқланиб, уни олиб кетишга келган бир неча шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

 

Қайд этилишича, ҳолат “Қорадори-2026” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида жорий йилнинг 21 август куни аниқланган. Вилоят ИИБ Тезкор-қидирув хизмати, Жиноят-қидирув бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Денов тумани ИИБ масъуллари томонидан олинган тезкор маълумот асосида тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Тошкент вилоятидан Денов тумани томон ҳаракатланаётган Cobalt тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Автомобилда махсус жойланган 41 дона ўрам аниқланган. Уларнинг умумий оғирлиги 41 килодан ортиқ бўлиб, ичидаги модда “опий”га ўхшаш экани маълум бўлган.

Шундан сўнг, тезкор тадбир назорат остида етказиб бериш усулида давом эттирилган. Мазкур моддаларни олиб кетиш учун келган бир неча шахс, жумладан, уларни газ баллонидан кесиб олиш учун “болгарка” билан келган шахс ҳам қўлга олинган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Сергели туманида гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш билан шуғулланган 22 ёшли шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends