ЖИЭМларда қийноқлар йўқми? ИИВ BBC'га жавоб қайтарди

Жамият

image

Куни кеча ВВС ўзбек сайтида “Қийноқлар ҳали ҳам борми?” номли видеолавҳа эълон қилинди. Мазкур лавҳада ВВС мухбири томонидан жазо муддатини ўтаётган айрим маҳкумларнинг оила аъзолари билан суҳбат жараёнлари акс этган бўлиб, улар ўзларининг яқинларига нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилаётгани, шунингдек, маҳкумларга тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда улар инсонпарварлик тамойили асосида жазодан озод этилмаётганини маълум қилишган. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси мазкур лавҳага нисбатан муносабат билдирди. 

Расмий баёнотда қайд этилишича, “бугунги кунда, республика жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган ва уларни ахлоқан тузатиш, жаҳон стандартлари асосида жазо ўташлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда”.

Бошқарма сўнгги 4 йил ичида жиноят содир этган шахсларни меҳнатга тўлиқ жалб этиш орқали уларни ахлоқан тузалиш ва келгусида жамиятнинг муносиб аъзоси сифатида шакллантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни қабул қилинганини эслатади. Таъкидланича, мазкур қонунлар билан маҳкумларнинг ижтимоий ҳуқуқлари кенгайтирилган, жумладан:

•    ёпиқ турдаги колонияларда сақланаётган маҳкумларнинг телефон сўзлашувидан фойдаланишлари, жўнатма ва учрашувлар олишлари меъёрлари қарийб икки баробарга оширилган;

•    жазо муддатини ўташ даврида маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилган;

•    маҳкумларни тарбиялашда уларнинг ота-оналари ролини кучайтириш, тарбиявий тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида, вояга етмаган маҳкумларга ота-оналари билан учрашувларига нисбатан чекловлар олиб ташланган;

•    жазони ижро этиш муассасаларида жамоатчилик вакиллари, Омбудсман, халқ депутатлари ҳудудий кенгашларидан иборат махсус Комиссиялар фаолияти йўлга қўйилган.

Шунингдек, тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларни тергов ҳаракатларини ўтказиш учун олиб кетишдан олдин ҳамда олиб келингандан кейин тиббий кўрикдан ўтказиш, ҳар қандай жароҳатлар аниқланганда қайд қилиниши ҳамда зудлик билан прокуратура органларга хабарномалар юборилиши жорий этилган.

“Ҳозирга қадар маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54 та жазони ижро этиш муассасалари жами 3 280 дона замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланди.

Шу билан бирга, маҳкумларнинг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Омбудсман) ҳамда прокуратура органларига бевосита мурожаат қилишлари учун алоҳида махсус қутилар жорий этилиб, улар фақатгина Омбудсманнинг ҳудудий вакиллари ва прокуратура ходимлари томонидан очилади ва тушган мурожаатлар ўрганиш учун олиб кетилади.

Маҳкумлар ҳуқуқлари поймол этилиши, уларга нисбатан қийноқ ёки бошқа турдаги камситувчи ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, муассасаларда уларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда “Интилиш” нодавлат-нотижорат ташкилоти томонидан мунтазам равишда мониторинг ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври давомида 46 та муассасада ана шундай мониторинг ўтказилиб, 4 493 нафар маҳкумлар билан учрашувлар ташкил этилди, 983 нафар маҳкумлар бевосита якка тартибда қабул қилинди.

Шу билан биргаликда муассасаларда маҳкумларга яратилган шарт-шароитлар, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида дипломатик корпус, халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан 18 та жазони ижро этиш муассасаларига 33 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Хусусан, БМТнинг мустақил суд ва адвокатлар бўйича махсус маърузачиси Гарсия-Саян, “Human Rights Watch” халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти вакили Стив Марк Свердлов, Беларусь, Германия, Хитой ва Финляндия давлатлари вакиллари ҳамда “Америка овози” радиоси мухбирининг колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш бўйича ташрифлари ташкиллаштирилди.

Шунингдек, Россия, Қозоғистон, Покистон, Хитой, Ҳиндистон, Афғонистон ва Қирғизистон давлатлари дипломатик корпус вакиллари томонидан ҳам муассасаларга ташрифлар уюштирилиб, маҳкумлар билан бевосита учрашувлар ўтказишди.

Жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни афв этиш бўйича 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари билан, 4 869 нафар маҳкум афв этилди.

Афв этилиб озодликка чиқарилган ҳар бир фуқаро билан индивидуал тартибда ижтимоийлашув тадбирлари ўтказилиб, уларга уй-жой бериш ёки таъмирлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, банк кредитларини ажратиш, тадбиркорлик фаолиятини юритиши учун кўмаклашиш ва бошқа ижтимоий масалалар бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

ВВС видеолавҳасида қайд этиб ўтилганидек, пандемия муносабати билан маҳкумларнинг соғлиқларини ҳимоя қилиш мақсадида, уларнинг яқинлари ва оила аъзолари билан учрашувлари вақтинча тўхтатилган.

Жиноят-ижроия кодексига мувофиқ пандемия вақтида маҳкумларнинг яқинлари билан узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар уларнинг илтимосларига кўра телефон сўзлашувлари билан алмаштирилиб, етарлича шарт-шароитлар яратилди.

Жорий йилнинг август ойидан бошлаб, Республикамизда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилаётганлиги муносабати билан карантин қоидаларига риоя этган ҳолда маҳкумларга қисқа муддатли учрашувлар ҳамда жўнатма ва бандероллар берилиши йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассисларининг тавсияларига мувофиқ узоқ муддатли учрашув берилиши йўлга қўйилиб, ҳозирги кунда уни қай тартибда жорий этиш тартиби кўриб чиқилмоқда.

Жазо ўтаётган маҳкумларнинг яқинлари ВВС мухбирига берган интервьюларида жазони ўташ муассасаси ходимлари томонидан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилаётганлиги, муассасадаги шароитлардан норозиликларини билдирганлар. Интервьюда келтирилган ҳолатлар бўйича илгари Прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари томонидан тўлиқ ва атрофлича ўрганилган, жазони ўтаётган маҳкумлар билан суҳбатлашилган, зарурий экспертизалар тайинланган, лекин, текширув давомида маҳкумларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосаларидан келиб чиққан ҳолда аризаларда кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаганлиги аниқланган.

Таъкидлаш лозимки, мазкур аризаларда кўрсатилган маҳкумлар жазо муддатини ўташлари давомида муассасаларда ўрнатилган ички тартиб қоидаларга беписандлик билан қараб, уларга риоя этмай, мунтазам равишда белгиланган тартибни бузиб келаётганликлари сабабли, тузалиш йўлига ўтмаган маҳкумлар ҳисобланади.

Келгусида ҳам жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга нисбатан қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун ИИВ раҳбарияти томонидан доимий назорат олиб борилади.

Айрим оммавий ахборот воситалари томонидан асослантирилмаган, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатилиши оммани чалғитиб, расмий идораларга бўлган ишончни салбий томонга ўзгартиришга олиб келади”, дейилади расмий баёнотда. 

Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси тизимда қийноқлар ва тазйиқларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз очган-у бироқ бу борада учраган аниқ ҳолатлар ҳақида миқ этмаган. 

Фурсатдан фойдаланиб, барча журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ юритувчиларидан ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳар қандай ахборот ёки танқидий чиқишда холисликни акс эттиришларини сўраймиз", дейилади ИИВнинг расмий баёнотида.

Шу ўринда QALAMPIR.UZ’да мавжуд бўлган статистик маълумотларга назар ташласак: жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида прокуратура органларига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида жами 2 323 та ариза ва хабарлар келиб тушган. Шундан 242 таси, яъни 10 фоиздан кўпроғи қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилингани ҳақидаги мурожаатларни ташкил қилган. Январь – сентябрь ойларида 11 нафар ички ишлар ходимлари қийноққа солиш билан боғлиқ жиноятлари учун айбланиб, иш судга оширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

тазйиқ қийноқ

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг