Жерар Пике Жавоҳир ва Бибисора жамоасини табриклади
Спорт
−
17:00 1274 2 дақиқа
“Барселона”нинг собиқ футболчиси, жаҳон чемпиони ва тўрт карра Чемпионлар лигаси ғолиби Жерар Пике Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида бўлиб ўтган Tech Mahindra Global Chess League-2026 турнирини муваффақиятли якунлаган “Fyers American Gambits” жамоасини табриклади. Бу ҳақда Пике Instagram саҳифасида айтиб ўтди.
“Салом, болалар. Мен шунчаки сизларни табрикламоқчи эдим. Биз учинчи ўринни эгалладик ва менимча, сизлар ажойиб иш қилдингиз. Ғалабага жуда яқин келдик. Аммо нима бўлишидан қатъи назар, мен сизлар билан жуда фахрланаман. Ишончим комилки, келажакда албатта ғалаба қозонамиз. American Gambits, олға!” дейди Пике.
Бангалорда ўтказилган Tech Mahindra Global Chess League-2026 жамоавий турнирида қозоғистонлик шахматчи Бибисора Ассаубаева ва “Fyers American Gambits” жамоаси сафида иштирок этган ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров бронза медалларини қўлга киритди.
Учинчи ўрин учун баҳсда уларнинг жамоаси “Cheq Mumba Masters”ни икки марта – 3,5:2,5 ва 4:2 ҳисобларида мағлуб этди. Синдоров мусобақа давомида Магнус Карлсенни мағлуб этиб, очколар бўйича ундан ўзиб кетган бўлса, Ассаубаева ҳам жамоанинг умумий муваффақиятига катта ҳисса қўшди.
Жорий йилнинг август ойида, турнир бошланишидан бироз олдин, Жерар Пике расман “Fyers American Gambits” жамоасининг стратегик акциядори ва ҳамкор инвесторига айланган эди.
Live
Барчаси