Жеки Чан “Тиғиз пайт 4” фильми суратга олинишини маълум қилди
Маданият-санъат
−
09 Декабрь 2022
9377Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган “Қизил денгиз” кинофестивалидаги матбуот анжуманида иштирок этган актёр Жеки Чан ОАВ ходимлари билан бўлган мулоқотда “Тиғиз пайт 4” фильми устида иш олиб борилаётганини маълум қилган. Бу ҳақда “Deadline” нашри хабар берди.
Жеки Чанга кўра, у тез орада фильм режиссёри билан учрашади ва биргаликда сценарийни муҳокама қилади.
Нашрда келтирилишича, Чан янги фильмга айнан ким режиссёрлик қилишини очиқламаган бўлсада, у “Тиғиз пайт” фильмининг дастлабки учта қисмини суратга олган Бретт Ратнерни назарда тутган бўлиши мумкин.
Шунингдек, ижодкор матбуот анжуманида ушбу фильмни яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берган.
“Мен Голливудга боришга кўп марта уриниб кўрдим, лекин мен инглиз тилини яхши билмасдим. Америкада бўлган вақтимда менежерим менга “Тиғиз пайт” номли фильм сценарийсини кўрсатди. Мен фильм Гонконг полицияси ҳақида эканини эшитиб даст-аввал рози бўлмадим, аммо менежеримни ундови билан уриниб кўришга қарор қилдим”, дейди у.
Жеки Чан 1998 йилда “Тиғиз пайт” фильми премьерасидан сўнг унга ҳаяжонга тўла қўнғироқ бўлганини эслаган.
“Биринчи фильм катта экранларга чиққанидан сўнг, режиссёр Ратнер ва актёр Такер менга қўнғироқ қилди ва катта муваффақиятга эришганимизни айтишди. Кейин эса 2 ва 3-қисм суратга олинди”, дейди Чан.
Шунингдек Жеки Чан ижодини бошлаганига 60 йил тўлгани ҳақида айтиб, эндиликда жангари фильмлар устида камроқ ишлаши, кўпроқ севги-муҳаббат тарихига эътибор қаратишини айтиб ўтган. Қолаверса, ҳозирда “аёллар” учун драматик фильм тайёрлагани, тез орада янги кинофильм премьераси бўлиб ўтишини ҳам маълум қилган.
Маълумот ўрнида, “Тиғиз пайт” фильмининг дастлабки учта қисми 1998, 2001 ва 2007 йилларда намойиш этилган. Фильмнинг умумий даромади 850 миллион АҚШ долларига етган.
Фильм гонконглик инспектор Ли ва Америкалик детектив Жеймс Картер биргаликда фош этган жиноятлар ҳақида ҳикоя қилади. Картинанинг асосий саҳналари Гонконг, АҚШ ва Францияда суратга олинган.
LiveБарчаси