ЖЧда ишлаган мураббий 19 кун ичида терма жамоадан кетди

Спорт

image

Франциялик мураббий Эрве Ренар 19 кунлик иш фаолиятидан сўнг Тунис миллий терма жамоаси бош мураббийлик лавозимини тарк этди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

Ренар Тунис терма жамоасини жорий йилнинг 16 июнь куни, гуруҳ босқичидаги илк учрашувдан кейин қабул қилиб олган эди. Ўша баҳсда жамоа Швецияга 1:5 ҳисобида мағлуб бўлган. Унинг ўрнигача ишлаган Сабри Лямуши эса Жаҳон чемпионати тарихида атиги битта ўйиндан кейин истеъфога чиқарилган илк бош мураббий сифатида қайд этилди.

“Жамоани тарк этишдан аввал, менга 2026 йилги Жаҳон чемпионатида қатнашиш имкониятини бергани учун Тунис футбол федерациясига самимий миннатдорчилик билдираман. Тунис шарафини ҳимоя қилиш ва бу унутилмас тажрибани бошдан кечириш мен учун катта шараф бўлди”, деб ёзди Ренар.

Ренар бошчилигида Тунис терма жамоаси Японияга 0:4, Нидерландияга эса 1:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, “F” гуруҳида сўнгги ўринни эгаллади.

57 ёшли мутахассис фаолияти давомида Замбия, Ангола, Кот-д’Ивуар, Марокаш ва Саудия Арабистони миллий терма жамоаларини бошқарган. У 2012 ва 2015 йилларда мос равишда Замбия ва Кот-д’Ивуар билан Африка Миллатлар Кубогида чемпионликка эришган. Шунингдек, у 2018 йилги Жаҳон чемпионатида Марокашни, 2022 йилги мундиалда эса Саудия Арабистонини бошқарган. Ренар Саудия Арабистонини 2026 йилги Жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўлса-да, турнир бошланишига икки ойдан кам вақт қолганда ўз лавозимидан озод этилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг