ЖЧда допинг: Тунис футболчиларининг допинг тести ижобий чиқди
Спорт
−
04 июл 834 2 дақиқа
2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионатида иштирок этган Тунис миллий терма жамоасининг камида 8 нафар футболчиси допинг назоратидан ўта олмаган. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, текширувлар давомида футболчилар организмидан нафас йўлларини кенгайтирувчи кленбутерол моддаси аниқланган. У Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган препаратлар рўйхатига киритилган.
Бироқ кейинчалик ўтказилган қўшимча текширувлар мазкур модданинг аниқланиши футболчиларнинг қасддан допинг қабул қилгани билан эмас, балки жамоанинг Мексикадаги йиғини давомида маҳаллий гўшт истеъмол қилгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатган.
Манбага кўра, футболчиларнинг клублари вазиятдан хабардор қилинган. Шу билан бирга, уларга нисбатан қўшимча интизомий чоралар ёки дисквалификация қўлланилиши эҳтимоли жуда паст деб баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, айрим мамлакатларда, жумладан Мексикада, кленбутерол чорва молларининг ўсишини тезлаштириш мақсадида қўлланилади. Шу сабабли ушбу модданинг озиқ-овқат орқали инсон организмига тушиши билан боғлиқ ҳолатлар аввал ҳам кузатилган. Хусусан, 2011 йил Мексика мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 109 нафар футболчининг допинг синамаси ижобий чиққан. Бироқ, FIFA ва WADA бу ҳолат озиқ-овқат ифлосланиши билан боғлиқ эканини инобатга олиб, ҳеч қандай санкция қўлламаган.
Маълумот учун, Тунис миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида муваффақиятсиз иштирок этди. Жамоа гуруҳ босқичида Швецияга (1:5), Японияга (0:4) ва Нидерландияга (1:3) ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани гуруҳ босқичидаёқ якунлади.
Live
Барчаси