“ЖЧ йўлида қўшнилар билан жанг”. Бугун Ўзбекистон муҳим очколар учун майдонга тушади

Спорт

image

Бугун жаҳон футболида FIFA кунлари доирасида терма жамоалар ўртасидаги ўйинларга старт берилади. Европада жамоалар Миллатлар лигасида майдонга тушса, Осиё терма жамоалар Жаҳон чемпионати-2026 турнири 3-саралаш босқичи доирасида 7-тур баҳсларини ўтказади. Бугунги кун тартибида ўзбекистонлик футбол ихлосмандлари учун энг муҳим ўйин Ўзбекистон-Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув.

Иккала жамоанинг имкониятлари

Дастлаб, бугун меҳмон сифатида майдонга тушадиган Қирғизистон терма жамоасининг 3-саралаш босқичидаги имкониятлари ҳақида тўхталсак. Қирғизлар 6 та турдан кейин 1 ғалаба ва 5 мағлубият қайд этиб, 3 очко жамғарган ҳолда 5-ўринни банд этган. Математик жиҳатдан Қирғизистон термасида ҳам мундиалга чиқиш учун имконият бор. Бунинг учун улар  олдиндаги ўйинларда ижобий натижалар қайд этиши лозим. 

Ўзбекистон терма жамоаси эса бу циклда ҳар доимгиданда яхши имкониятга эга Жаҳон чемпионатига чиқиш учун. 6 тур якунига кўра Ўзбекистон терма жамоаси 4 та ғалаба, 1 та дуранг ва 1 мағлубият билан 13 очко жамғарган ҳолда 2-ўринни банд этган. Изма-из таъқиб қилиб келаётган БАА термасида эса 10 очко билан 3-ўринда келмоқда. Ушбу турда Ўзбекистон ўз уйида Қирғизистонни қабул қилади ва Эрон ҳам ўз уйида БАА билан баҳс олиб боради. Ўзбекистон ғалаба қозонса, 16 очкога эга бўлади ва Эрон ҳам БААни мағлуб этадиган бўлса, 19 очко билан яккапешқадамга айланади ва 25 март куни Ўзбекистонга қарши баҳсдаги дуранг натижа ҳам эронликларни мундиалга муддатидан аввал олиб чиқади. БААнинг мағлубияти эса Ўзбекистонга қулай бўлади. Сабаби, агар Ўзбекистон Қирғизистонни мағлуб этса, орадаги фарқ 6 тани ташкил этади ва БААни анча ортда қолдиради.

Дастлабки ўйин ва хулосалар

Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари биринчи даврада 2024 йилнинг 10 сентябрида тўқнаш келган ва ўшанда 3:2 ҳисобида Ўзбекистон термаси ғалаба қозонганди. Ушбу баҳсда Қирғиз Республикаси ҳам анчагина қаршилик кўрсатгани кўпчиликнинг ёдида. Жамоа ҳужумчиси Жоель Кожо ва ярим ҳимоячиси Одилжон Абдураҳмонов гол уришга муваффақ бўлган эди. Ўзбекистон сафида эса Элдор Шомуродов, Ҳусниддин Алиқулов ва Остон Ўрунов терма жамоасига ғалаба олиб келган. Илк ўйиндаги хулосалардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Қирғизистон терма жамоаси бугунги Тошкентда бўлиб ўтадиган ўйинда ҳам яхшигина қаршилик кўрсатиш имконига эга. 

Ўзбекистон МТЖдаги йўқотишлар

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида бугунги ўйинни жароҳат сабаб бир нечта футболчилар ўтказиб юборади. Дастлаб, Туркия чемпионати доирасидаги ўйинда жароҳат орттириб олган терма жамоанинг муҳим марказий ҳимоячиларидан бири Ҳусниддин Алиқулов, ўйинга бир кун қолганида қанот ҳимоячиси Шерзод Насруллаевнинг ҳам жароҳат сабаб баҳсни ўтказиб юбориши маълум бўлди. Терма жамоа устози Темур Кападзе Алиқуловнинг ўрнига “Насаф” футболчиси Ғолиб Ғайбуллаевни йиғинга чақирди. Шунингдек, жароҳатидан фориғ бўлишга улгурмаган Остон Ўрунов ҳам бугунги ўйинни ўтказиб юбориши мумкин. Шу сабабдан “Ал Ваҳда” вингери Хожмат Эркинов жамоага чақирилди. Бундай йўқотишлар ўйин сифатига таъсир қилиш қилмаслиги эса учрашув давомида аён бўлади. Кападзенинг топқирлиги мана шу баҳсда ҳам яна бир бор синалади.

Тахминий таркиблар 

Ушбу ўйин олдидан бир қанча нашрлар ўзининг тахминий таркибларини эълон қилди. QALAMPIR.UZ талқини бўйича тахминий таркиб эса қуйидагича кўриниш олган.

Ўзбекистон: Ўткир Юсупов, Абдулла Абдуллаев, Абдуқодир Ҳусанов, Рустам Ашурматов, Фаррух Сайфиев, Хожиакбар Алижонов, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков, Жалолиддин Машарипов, Аббос Файзуллаев, Элдор Шомуродов.

Қирғизистон: Токотаев, Мишченко, Браузман, Козубаев, Кичин, Кенжебаев, Абдураҳмонов, Зарипбеков, Шукуров, Жирғалбек Уулу, Кожо.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоаларидаги ўйин бугун, 20 март куни “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 21:00 да старт олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Қирғизистон Жаҳон чемпионати-2026

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг