ЖЧ-2026: Франция – Марокаш ўйинида тарих яна такрорланадими?

Спорт

image

2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати чорак финаллари Франция ва Марокаш ўртасидаги учрашув билан бошланади. Қатар-2022 ярим финалидаги мағлубиятдан сўнг марокашликлар бу сафар реванш олиш ва яна ярим финалга чиқишни мақсад қилган.

Учрашув маҳаллий вақт билан 9 июль куни АҚШнинг Бостон шаҳридаги Бостон стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 10 июлга ўтар кечаси соат 01:00 да старт олади.

“Opta” суперкомпьютери ҳисоб-китобларига кўра, Франция мазкур баҳснинг асосий фаворити ҳисобланади. Унинг таҳлил натижаларига кўра, французларнинг асосий вақтда ғалаба қозониш эҳтимоли 62,2 фоизни ташкил этган. Марокашнинг ғалаба қозониш имконияти 15,7 фоиз деб баҳоланган бўлса, 22,1 фоиз ҳолатда ўйин дуранг билан якунланиб, ғолиб қўшимча вақт ёки пенальтилар сериясида аниқланиши мумкинлиги қайд этилган.

Икки жамоа расмий мусобақаларда ҳозиргача фақат бир марта тўқнаш келган. Бу Қатарда бўлиб ўтган 2022 йилги Жаҳон чемпионати ярим финали эди. Ўшанда Тео Эрнандес ва Рандаль Коло Муанининг голлари Францияга 2:0 ҳисобидаги ғалабани келтирган ва Марокашнинг тарихий юришини тўхтатганди. Бундан ташқари, жамоалар яна беш марта ўртоқлик учрашувларида майдонга тушган. Уларда ҳам Франция мағлуб бўлмаган – учта ғалаба ва иккита дуранг.

Ушбу чорак финалнинг энг қизиқарли жиҳатларидан бири Франция сардори Килиан Мбаппе ва Марокаш етакчиси Ашраф Ҳакимининг ўзаро рақобати бўлади. Икки футболчи клуб миқёсида яқин дўстлар саналади. Шунга қарамай, Ҳакими ўйин олдидан майдонда дўстлик эмас, натижа муҳимлигини таъкидлади.

Марокаш бош мураббийи Муҳаммад Уаҳби эса жамоаси энди ҳеч ким учун сенсация эмаслигини таъкидлади.

“Биз энди сюрприз эмасмиз ва бу бизнинг энг катта фахримиз. Бу ҳали бошланиши, деб ўйлайман ва умид қиламанки, яна кўп йиллар давомида шундай натижаларни кўрсатамиз”, деган у ўйин олди матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, Франциядан реванш олиш асосий мақсад эмас.

“Биз имкон қадар узоқроқ боришни ва халқимизни фахрлантиришни хоҳлаймиз”, деган бош мураббий.

Франция таркибида Килиан Мбаппе, Усмон Дембеле, Орельен Чуамени ва Вильям Салиба каби юлдузлар майдонга тушиши кутилмоқда. Марокаш эса Ашраф Ҳакими, Софян Раҳими, Исмоил Саибари, Браим Диас ва Яссин Буну бошчилигида яна бир сенсация яратишга интилади.

Агар Марокаш ғалаба қозонса, жамоа ўз тарихида иккинчи марта Жаҳон чемпионати ярим финалига чиқади. Франция эса марокашлик рақиблари билан қандай ўйнашни жуда яхши билади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 5 июль куни Франция миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/8 финал босқичида Парагвайни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалга йўл олган эди.

4 июль куни Марокаш миллий терма жамоаси эса Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Аззедин Унаининг дубли ҳамда Суфён Раҳимининг сўнгги сониялардаги якуний голи эвазига 1/8 финал босқичида Канадани 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалга чиққанди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг