Марокаш Канадани мағлуб этиб, чорак финалга чиқди
Спорт
−
00:11 1730 1 дақиқа
Бугун, 4 июль куни Марокаш миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/8 финал босқичида Канадани 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди.
Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Аззедин Унаи 50 ва 82-дақиқаларда дубль қайд этган бўлса, Суфён Раҳими 90+8-дақиқада ҳисоб 3:0 кўринишига келтирди.
Эндиликда Марокаш чорак финалда 5 июль куни бўлиб ўтадиган Франция – Парагвай учрашуви ғолиби билан куч синашади. Ушбу баҳс жорий йилнинг 9 июль куни ўтказилади.
Учрашувнинг биринчи бўлимида қизиқарли статистика қайд этилди. Футболчилар дарвоза томон йўналтирилган 5 та зарба берган бўлса, ҳакам 6 та сариқ карточка кўрсатди. Шу тариқа, Жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор биринчи бўлимдаги сариқ карточкалар сони дарвоза томон берилган аниқ зарбалардан кўп бўлди.
Маълумот учун, Канада миллий терма жамоаси ушбу мусобақада ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди. Марокаш эса 2022 йилги Жаҳон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган эди.