ЖЧ-2026 фаворитлари тахмин қилинди. Рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор
Спорт
−
12 Сентябрь 19782 2 дақиқа
2026 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма олган миллий жамоаларнинг мундиалдаги имконияти таҳлил қилиб чиқилди. “Goal” нашри талқинига кўра, турнирнинг илк иштирокчиси ҳисобланган Ўзбекистон миллий терма жамоаси фаворитлар рейтингида 25-ўриндан жой олган.
Нашр мезбонлар учлиги, йўлланмани қўлга киритганлар ва FIFA'нинг сўнгги рейтингига кўра дунёдаги кучли 16 та жамоанинг имкониятларини таҳлил қилган.
“Ўзбекистон ниҳоят келаси ёзда илк марта жаҳон чемпионати финал босқичида қатнашади. Улар учун саралаш йўли анчагина оғир кечди. Январь ойида бош мураббий Сречко Катанец касаллик сабаб лавозимдан кетишга мажбур бўлди. Бироқ миллий терма жамоанинг собиқ яримҳимоячиси Темур Кападзе словениялик мураббий бошлаб берган ишни охирига етказиб, 5 июнь куни БААга қарши жуда оғир кечган 0:0 ҳисобидаги дуранг билан “А” гуруҳида дастлабки икки ўриндан бирини кафолатлади. Бу натижа билан жамоадаги ишонч янада ортади – чунки сўнгги 10 та ўйиннинг 7 тасида дарвоза дахлсизлиги сақланиб қолинди – душанба куни финалда Эронни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, CAFA Nations Cup-2025 совриндори бўлишди. Демак, Ўзбекистоннинг жудаям кам имкониятлари бор бўлса-да, плей-офф босқичига чиқиш орзуси мустаҳкам ҳимояга боғлиқ. Бу ерда эса “Манчестер Сити” марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов етакчилик қилади. Шунга қўшимча, ҳужумда ҳам етакчи бор: сардор Элдор Шомуродов “Рома” клуби футболчиси бўлиб, ҳозирда “Истанбул Башакшеҳир”да тўп сурмоқда. Шунингдек, бу етакчилар сафига жамоани олға бошлай оладиган 21 ёшли серқирра яримҳимоячи Аббосбек Файзуллаев ҳам қўшилди”, дейди нашр Ўзбекистон терма жамоаси ҳақидаги маълумотда.
Нашр талқинига кўра, Испания миллий жамоаси ЖЧ-2026 фаворити сифатида кўрсатилган. Аргентина ва Англия учликдан жой олган бўлса, Португалия, Франция, Германия, Нидерландия, Бразилия, Марокаш ва Эквадор фаворитлар топ-10 талигидан жой олган. Осиё жамоалари орасида Жанубий Корея ва Япониянинг имконияти юқори баҳоланган бўлиб, улар 11 ва 12-ўринда қайд этилган. CAFA финалида Ўзбекистонга мағлуб бўлган Эроннинг имконияти ҳам яхшироқ баҳоланмоқда – 22-ўрин. Иордания эса 26-ўрин билан Ўзбекистон миллий жамоасидан кейинги ўринни эгаллаган.
Шунингдек, Уругвай (13), Хорватия (14), Бельгия (15), Колумбия (16), Италия (17), Мексика (18), Парагвай (19), Канада (20), Австралия (21), АҚШ (23), Тунис (24) ва Янги Зеландия (27) ҳам рейтингдан жой олган.
Маълумот учун, ЖЧ-2026 келаси йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.