Қамоқхонадаги болали аёллар қандай шароитларда яшайди?
Интервью
−
14 Октябрь 2020
22170QALAMPIR.UZ ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Шаҳризод Шокиров билан 21-сон жазони ижро этиш муассасасидаги ёш болали аёлларнинг яшаш шароитлари ҳақида суҳбатлашдик.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Умуман, ёш болали аёл муассасада қандай сақланиши ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.
Шаҳризод Шокиров, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи:— Авваллари уларнинг гўдакларини озиқлантиришлари учун кунда бир неча марта учрашиш белгиланган эди. Юртимизда қонунчиликдаги ислоҳотлар, инсонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, юксак инсонпарварлик ифодаси ўлароқ қабул қилинаётган қонунлар фуқароларга кўпгина қулайликлар яратиб беряпти.
Жумладан, уч ёшга тўлмаган фарзанди бўла туриб жазо муддатини ўтаётган аёлларга фарзандлари билан доимий равишда бирга яшашлари учун имкон берилди. Бунинг учун муассасада бола парвариши учун барча шароитлар яратилган бўлиб, тажрибали тиббиёт ходимлари уларнинг саломатлигини доимий равишда назорат қилиб туришади.
Ф.Н.: — Бу ердаги болали аёлларнинг феъл-атворида жиноятга қўл урган бошқа аёллардан фарқли жиҳатлари сезиладими?
Ш.Ш.: — Болали аёлларда пушаймонлик ҳисси ниҳоятда кучли бўлади. Бу ҳисни уларнинг мунгли кўзларидан ҳам кўриш мумкин. Чунки улар ўзларидан ҳам кўра фарзандларининг болалиги панжара ортида ўтаётганидан руҳий азоб тортадилар. Мана, биз кузатган Тошкент вилояти ИИББ ЖИЭБ 21-сон жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган аёллар орасида ҳам шу кабилари борлиги ачинарли. Лекин қонун амал қилиши, жазо муқарралиги таъминланиши лозим.
Шунга қарамай аёлни бахтли қилиш учун, уни ҳар қандай ҳолатида ҳам аёллигини сақлаб қолиш учун яъни ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган бу каби ҳайрли амаллар, инсонларнинг порлоқ келажакка бўлган ишончини уйғотиши, ҳаётдан ўз ўрнини топиб, ҳалол меҳнат билан шуғулланиши, ватанпарвар авлодларни тарбиялаб вояга етказиши йўлида муҳим омил бўлади.
Ф.Н.: — Болали аёллар ишга чиқадиларми?
Ш.Ш.: — 21-сон жазони ижро этиш муассасасида ёш болали аёллар ўзларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда фарзандлари 1 ёшга тўлган маҳкумалар ўз хоҳишларига кўра муассаса раҳбариятига ишга чиқиш бўйича ариза билан мурожаат этадилар. Ушбу аризалар сохавий хизмат ходимлари томонидан ўрганиб чиқилгандан сўнг, муассаса раҳбари рухсати билан яшаш ҳудуди ва муассасадаги ишлаб чиқариш корхонасига аёлларга хос бўлган енгил ишларга ҳалол меҳнат билан шуғулланишларига имконият яратиб берилган.
Ф.Н.: — Болали аёлларга яқинлари билан учрашувларда қандайдир имтиёзлар борми?
Ш.Ш.: — Муассасадаги мавжуд болалар уйида ёш болали аёлларга ҳозирги кунда ўз фарзандлари билан доимий равишда бирга яшашлари учун вақт чекланмаган, уларга бола парвариши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 июнь кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни талабларидан келиб чиқиб, ҳозирги кунда маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан 1 йил ичида 4 марта муддати
5 кунгача бўлган узоқ муддатли учрашувлар, шунингдек учрашувда ўзининг шахсини, қариндошлигини ёки васийлигини тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим этса ўша вояга етмаган фарзанди билан бирга муассасага келган яқин қариндошига ҳам рухсат берилиши йўлга қўйилган.