Жазирама сабаб Қорақалпоғистондаги айрим боғчалар ёпилмоқда
Жамият
−
12 июл 3348 2 дақиқа
Жазирама сабабли Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва яна 8 туманидаги боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, об-ҳавонинг кескин исиб кетиши муносабати билан шаҳар ва туман ҳокимларининг қарорига асосан қуйидаги ҳудудлардаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти вақтинча тўхтатилади:
Нукус шаҳри - 2026 йил 13 июлдан 18 июлгача;
Амударё тумани - 2026 йил 13 июлдан 15 июлгача;
Беруний тумани - 2026 йил 13 июлдан 17 июлгача;
Хўжайли тумани - 2026 йил 13 июлдан 18 июлгача;
Тахиатош тумани - 2026 йил 13 июлдан 17 июлгача;
Шуманай тумани - 2026 йил 13 июлдан 17 июлгача;
Мўйноқ тумани - 2026 йил 13 июлдан 17 июлгача;
Қонликўл тумани - 2026 йил 13 июлдан 17 июлгача;
Тўрткўл тумани - 2026 йил 13 июлдан 17 июлгача.
Билдирилишича, бу қарор болаларнинг соғлиғини иссиқ ҳавонинг таъсиридан ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ишни вақтинча тўхтатиш тартиби Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларининг тегишли хулосалари ва тавсияларига мувофиқ амалга оширилади.
“Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратишингизни, куннинг энг иссиқ пайтларида уларнинг очиқ ҳавода узоқ вақт бўлишига йўл қўймаслигингизни ва зарур эҳтиёт чораларига риоя қилишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 13-17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, ҳаво ҳарорати энг иссиқ кунларда республиканинг катта қисмида 41-43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 44-46 даражагача кўтарилади.
Live
Барчаси