Жавод Зариф Трампга: “Бошқа халқларнинг ишларига аралашишни бас қил“
Олам
−
20 Апрель 2020
8736Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф АҚШ Президенти Дональд Трампга бошқа халқларнинг ишига аралашмаслигини айтди. Бу ҳақда бугун, 20 апрел куни “Tasnim News“ агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, Трампнинг АҚШ Эронга суньий нафас бериш ускуналари етказишга тайёр эканлиги ҳақида маълум қилганди. Ушбу сўзларга жавобан, Жавод Зариф, Ислом Республикаси бир неча ой ичида ушбу ускуналарнинг экспортини бошлашини ва АҚШнинг ёрдамига умуман эҳтиёж бўлмаслигини айтди.
“Эрон бир неча ой ичида суньий нафас бериш ускуналарини ЭКСПОРТ ҚИЛАДИ, @realdonaldtrump. Бошқа халқларнинг ишларига аралашишни бас қилишинг керак, айниқса бизникига. Ва менга ишон, биз ҲEЧ ҚАЙСИ америкалик сиёсатчидан маслаҳат олмаймиз“, деб ёзди Зариф Twitter саҳифасида.
Бир кун олдин АҚШ Президенти “Мен улар (Эрон)га ёрдам беришни таклиф қилдим. Агар уларга суньий нафас бериш ускуналари керак бўлса, мен уларга ушбу ускуналарни юборган бўлардим. Бизда минглаб ортиқча ушбу тиббиёт ускуналари мавжуд.Уларни захираси бор“, дея твит ёзган эди.
Маълумот учун, расмий Вашингтоннинг санкциялари туфайли юзага келган қийинчиликларга қарамай, Эрон COVID-19 коронавирусни енгиш учун бор имкониятини ишга солмоқда. Таъкидланишича, Эронда кундан кунга беморлар сони камайиб бормоқда. Шунингдек, бугун, 20 апрелдан бир қанча муассасаларнинг фаолияти қайта йўлга қўйилишига рухсат берилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Эронда коронавирус билан боғлиқ 83 505 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 59 273 нафари соғайган, 5 209 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 19 023 кишини ташкил қилмоқда.