Жаслиқда қийноқлар бўлмаган! – “Замминистр”нинг гапи Фрейзерникига тўғри келмаяпти
Жамият
−
08 Август 2019
8924Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳром Одилов иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 августдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарори юзасидан матбуот анжумани ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда жаноб вазир ўринбосари Жаслиқдаги колонияда маҳбусларга нисбатан ҳеч қандай қийноқлар бўлмаганини айтганди.
“Айни вақтда маҳбусларга нисбатан ҳеч қандай қийноқ қўлланилмаяпти”, деган эди Одилов.
Аммо халқ орасида “борса келмас” деб ном олган Жаслиқ қамоқхонасида “паст томли, энгашиб юрадиган, тизза бўйи сув турадиган камералар бор” деган гаплар тарқалган. Албатта, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Бироқ, Одилов бу гапларни ҳам рад этди.
“Йўқ, мутлақо ёлғон. Ўтган йили халқаро ҳамжамиятлар вакиллари келиб, Жаслиқни тўлиқ ўрганиб кетишган ва шароитларга юқори баҳо беришган. Кўришни истайдиганлар бўлса, журналистлар учун пресс тур ўтказилиши мумкин”, деди Баҳромбек Одилов колонияни сал кам жаннатга қиёслаб.
Бироқ, мазкур қамоқхона ташкил этилгандан 3 йил ўтиб, яъни 2002 йил Жаслиққа келганлар Одиловнинг айтганларининг буткул тескарисини таъкидлаган. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги координатори Ҳелена Фрейзернинг баёнотида очиқланди.
“Жаслиқ колониясидаги аянчли аҳволни 2002 йил ноябрь ва декабрь ойларида БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистонга ташрифи чоғида танқид қилган. Хусусан, у шундай деган: “Ҳукумат шошилинч равишда Жаслиқ колониясини ёпиш масаласини кўриб чиқиши зарур, чунки у ҳатто ўзининг жойлашган ери бўйича ҳам шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазога яқин қамоқ шароитига тушиб қолган”, деб ёзади Фрейзер хоним.
Ҳелена Фрейзерга кўра, Ўзбекистон Ҳукуматига БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилиш тавсия этилган. Унга биноан БМТнинг Қийноқларга қарши қуйи қўмитасига Ўзбекистондаги ёпиқ муассасаларга ташриф буюриш ҳуқуқи берилиши ва Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олиш учун мамлакатнинг барча қамоқхоналарига режадан ташқари мунтазам мониторинг ташрифларни ўтказувчи миллий профилактика механизмини яратиши зарурлиги талаб этилади.
1999 йилда рўй берган 16 февраль воқеаларидан кейин ташкил этилган Жаслиқ қамоқхонаси Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги икки ярим йилликда олиб борилаётган очиқлик ва ошкоралик сиёсати, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ҳақиқий адолатли ислоҳотларга умуман мос эмас эди. Эски давр сарқити бўлган – Жаслиқ колонияси Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан бир ой ичида буткул йўқ бўлади.
LiveБарчаси