Жапаров Путиндан телефонда гаплашишни сўради
Олам
−
11 Ноябрь 2020
17335Қирғизистон Республикаси Бош вазири – Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Садир Жапаров кеча, 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокидаги видеоанжуманда иштирок этиб, Россия ташкилотнинг Россия раислигидаги фаолиятини, Владимир Путиннинг Қирғизистонга кўрсатган ёрдамини алқади ва Путин билан телефон орқали суҳбатлашмоқчилигини айтди.
У ўз нутқи аввалида ШҲТга раислик вақтида Россия томони коронавирус пандемиясига қарамай улкан ишларни амалга оширганини таъкидлади.
Жапаров аъзо давлатларга пандемия пайтида кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдираркан, бунда Россия номини алоҳида тилга олди.
“Мен Россия раҳбариятига ва шахсан Владимир Владимирович Путинга Қирғизистонга коронавирус инфекциясига қарши курашишда ўз вақтида ва мунтазам ёрдам бергани учун ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман”, дейди Жапаров.
Унинг таъкидлашича, Қирғизистон Республикаси ҳар доим Евроосиё интеграцияси масалаларида Россия Федерациясининг ишончли ҳамкори бўлиб қолади.
“Биз давлатлараро, иқтисодий ва маданий алоқаларимизни ривожлантириш йўлини изчил давом эттирамиз. Мамлакатларимиз ўртасида бир қатор долзарб ҳамкорлик масалалари мавжуд. Сиздан уларни телефон орқали суҳбатда муҳокама қилишни сўрайман”, дейди Жапаров Путинга юзланиб.
Шунингдек, Жапаров Хитой Халқ Республикасининг дунёнинг кўплаб мамлакатларига гуманитар, техник ва тиббий ёрдам кўрсатиш орқали коронавирусга қарши курашга қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиб, инфекцияга қарши курашишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. У шу қаторда ШҲТга аъзо давлатлар ва кузатувчилар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Эрон раҳбариятига кўрсатилаётган гуманитар ва тиббий ёрдам учун ташаккур айтди. “Бизга кўрсатилаётган ёрдамни жуда қадрлаймиз”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтган парламент сайловларидан кейин истеъфога чиққан собиқ Президент Сооронбай Жээнбеков ҳам фаолиятининг охирги даврларида Россияга бир неча бор миннатдорлик билдирганди. У жорий йилнинг 28 сентябрь куни Сочида бўлиб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашганди. Ўшанда Жээнбеков Қирғизистон Россиянинг мустаҳкам елкаларига суянишини айтганди. У Путинни “Қирғизистоннинг самимий ва буюк дўсти”, деб атаган эди.
“Қирғизистон ҳар доим Россиянинг бақувват елкасини ҳақиқий дўст, иттифоқчи ва стратегик шерик сифатида ҳис қилади. Буни, айниқса, бу қийин, оғир пайтда сездик. Сизнинг шарофатингиз билан биз мамлакатда эпидемиологик вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлдик ва сизнинг шарофатингиз билан Россияда яшовчи фуқароларимизга ёрдам кўрсатилди”, деган эди Жээнбеков Путин билан учрашувда.
LiveБарчаси