Жапаров хориждаги танқидчиларни манқуртликда айблади

Жамият

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров хорижда яшаётган айрим қирғизистонликларни танқид қилиб, уларни мамлакатдаги яхши ишлардан ҳам ёмонлик излаш ва манқуртликда айблади. Бу ҳақда у жорий йил 11 сентябрь куни Таласда Қирғизистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирдаги нутқида сўз очди.

Чингиз Айтматов ижоди ҳақида гапирар экан, давлат раҳбари ўз тарихини, тили ва маданиятини унутаётган жамият фожиасини акс эттирувчи манқурт образини тилга олган. Шундан сўнг, у хорижда яшаётган айрим ватандошларни танқид қилган.

“Хорижда бўлиб, у ерда олган бир бурда нон учун ўз мамлакатида содир бўлаётган яхши ишлардан ҳам ёмонлик излайдиган, манқуртлик қиладиган шундай ўғлонларимиз бор. Биз уларни тарбиялашга ва тартибга чақиришга ҳаракат қиламиз”, деган Жапаров

Президент нутқининг кейинги қисмида Қирғизистондан ташқарида ўнлаб йиллардан бери яшаб, меҳнат қилаётган ватандошларга мурожаат қилган. У ватандан узоқда уларнинг қадри ва ўз юртига бўлган меҳри янада яққол сезилишини айтган.

“Сизлар сўнгги 35 йил давомида Қирғизистон иқтисодиётининг бир қисми бўлиб келдингиз. Бунинг учун Қирғизистоннинг ҳар бир раҳбари сизларга миннатдорлик билдириши керак”, деган Президент.

Садир Жапаров республикада ўтказилган йирик халқаро тадбирлардан кейин хориждаги қирғизистонликлар ватани билан фахрланганини кўриб, ҳайратланганини ҳам қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ташқи кучлардан пул олиб, мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётганларни қаттиқ жазолашга чақирганди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг