Жапаров АҚШдан Қирғизистоннинг ички ишларига аралашмасликни сўради
Олам
−
12 Февраль
18580Қирғизистон Президенти Садир Жапаров АҚШдан республиканинг ички ишларига аралашмасликни сўради. Бу ҳақда "24kg" нашри хабар берди.
Аввалроқ, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Қирғизистонда қабул қилиниши кутилаётган хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасидан хавотир билдирган. Қирғизистон давлат раҳбари эса Блинкеннинг мактубига ўз муносабатини билдирди.
Қайд этилишича, Қирғизистон етакчиси нодавлат ташкилотлар “халқ орасида ёлғон, ишончсиз маълумот” тарқатаётганлиги сабабли АҚШ томонидан молиялаштирилган маблағлар аудитини ўтказишни таклиф қилган.
"Биз тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдоримиз ва барча давлатлар ва халқаро ҳамкорлар, жумладан, АҚШ билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Ягона илтимосим – мамлакатимизнинг ички ишларига аралашманг”, деган Қирғизистон Президенти АҚШ Давлат котибига йўллаган жавоб хатида . Садир Жапаров Энтони Блинкенни республикада инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари “Конституция ва қонунлар билан ишончли ҳимоя қилиниши”ни таъминлаш мақсадида Бишкекка таклиф қилган.
Маълумот учун, Қирғизистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш 2023 йил бошида парламент депутати Нодира Норматова томонидан илгари сурилган эди. У қонунчиликка чет элдан маблағ олувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига “хорижий вакил” атамасини киритиш, шунингдек, бундай ташкилотлар реестрини яратишни таклиф қилган. Унга кўра, реестрга кириш – ташкилотнинг мамлакатда фаолият юритишига рухсат берилганлигини билдиради.
Мадина Отабоева