Жанубий Кореяда ўзбекистонлик мигрантлар жаримага тортилди
Олам
−
27 Октябрь 4707 2 дақиқа
Корея Республикасида қонунчилик талабларини бузиб, ноқонуний мақомга тушган 26 нафар Ўзбекистон фуқароси жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Жанубий Корея Адлия вазирлиги, Полиция, Денгиз полицияси, Бандлик вазирлиги ҳамда Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида жорий йилнинг 12 декабригача давом этадиган қўшма рейдлар ўтказилмоқда.
Рейдлар – ноқонуний яшовчилар, маҳаллий аҳолининг иш ўринларини эгаллаётган хорижликлар, воситачилар ҳамда ахлоқ меъёрларига зид фаолият юритувчиларни аниқлашга қаратилган.
APEC 2025 KOREA саммити арафасида Гёнжу шаҳри ва унга яқин ҳудудларда назорат янада кучайтирилмоқда. Қонунбузарлик аниқланса, жарима, депортация, Кореяга кириш таъқиқи қўлланади. Шу билан бирга, Адлия вазирлиги рейдлар давомида чет элликларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам эътибор қаратишини маълум қилган.
Жорий йилнинг шу даврига қадар Корея Республикасида E-9 визаси асосида меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида қонунчилик талабларини бузиб, ноқонуний мақомга тушган 26 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан Ўзбекистон Миграция агентлиги томонидан уч томонлама шартнома асосида (ноқонуний юрган ҳар бир ой учун 2000 АҚШ доллари миқдорида) жарима чоралари қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Жоржия штатида жойлашган Hyundai электромобиль аккумуляторлари ишлаб чиқариш заводида Миграция хизмати томонидан ўтказилган рейд давомида 300 дан ортиқ Жанубий Корея фуқаролари қўлга олинганди.
Live
Барчаси