Жанубий Кореяда гриппга қарши эмланган 17 киши вафот этди. Эмлаш ишлари эса тўхтатилмайди

Олам

image
Жанубий Кореяда гриппга қарши эмланган 17 киши вафот этган. Шунга қарамай, аҳолини ушбу касалликка қарши эмлаш ишлари давом эттирилади. Бу ҳақда "Рёнхап" агентлиги хабар бермоқда.
 
Агентликка кўра, Жанубий Корея Ҳукумати 19 миллион кишини гриппга қарши бепул эмлаш дастурини амалга оширмоқда. Эмланаётганлар орасида ёшлар ҳам, кексалар ҳам бор. 
 
"Ўлаётганлар тўғрисида янги хабарлар пайдо бўлмоқда. Лекин мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу ўлимлар ва эмлаш ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжуд эмас", деган Жанубий Корея Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш агентлиги раҳбари Чон Ин Гён. 
 
Унинг таъкидлашича, расмийлар ушбу ўлимларнинг сабабларини батафсил текширмоқда. Шу билан бирга, у марҳумларга қилинган вакциналарнинг жиддий таъсири бўлмаганини айтган. 
 
Маълумотларга кўра, биринчи вафот этган йигит 17 ёшда бўлган. У эмланганидан икки кун ўтгач, Инчхонда вафот этган. 
 
Кейин вафот этганларнинг аксарияти эса, маълум касаллик билан оғриган кекса одамлар экани айтилмоқда. 
 
Аввалроқ, Бразилияда Оксфорд университети ва AstraZeneca компанияси томонидан тайёрланган коронавирусга қарши вакцина синовида иштирок этаётган кўнгилли вафот этганди.
 
Маълумот учун, Жанубий Кореяда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ 25 минг 543 та ҳолат аниқланган. Юқтирганларнинг 453 нафари вафот этган. 23 минг 647 нафари соғайиб кетган.
 
Дунёда коронавирусга чалинганлар 41 миллиондан ошган. 28 миллиондан кўп бемор соғайиб кетган. 1,13 миллиондан ортиқ киши вирус қурбони бўлган.

Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея

Баҳолаганлар

169

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг