Жанубий Кореяда ҳукмрон партия етакчисига суиқасд қилишмоқчи бўлишди – ОАВ
Олам
−
13 Декабрь
1120Жанубий Кореянинг “Халқ кучи” ҳукмрон партияси етакчиси Хан Дон Хунни ҳарбий ҳолат эълон қилинган пайтда ўлдириш ва бунда КХДРни айблаш режалаштирилган. Бу ҳақда сиёсий блогер ва журналист Ким О Чжунга таяниб, “Yonhap” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 13 декабрь куни Ким О Чжун парламентнинг фан ва коммуникациялар бўйича қўмитасининг ҳарбий ҳолат юзасидан тингловида гувоҳ сифатида чиқиш қилган. У ўз чиқишининг бошида ушбу маълумотни тўлиқ текшириб улгурмаганини айтиб ўтган. Блогернинг айтишича, Хан Дон Хун ҳибсга олинганидан кейин уни эскорт қилиш (кўчириш) пайтида суиқасд режаси мавжуд бўлган.
Кимнинг сўзларига кўра, режа таркибида бошқа сиёсий маҳбусларни эскорт қилувчи машинага ҳужум уюштириш, бу орқали уларни озод қилишга уриниш тасаввури яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, олдиндан тайёрланган Шимолий Корея Халқ армияси кийимлари тегишли жойларга яширилган бўлиб, уларни кейинчалик “топиш” режаси бўлган. Бундан ташқари, АҚШ аскарларига ҳам ҳужум уюштириш ва бу орқали Вашингтонни КХДРга қарши зарба беришга ундаш режалаштирилган.
Ким О Чжун бу даъволар “онгли бемаънилик” бўлиб туюлиши мумкинлигини тан олиб, ўз манбаси ҳақида маълумотни қисман очиқлаган. Хусусан, у бу маълумотни Сеулдаги “дўст давлат”нинг элчихонасидан олганини айтган. АҚШ элчихонаси эса бу манба АҚШ дипломатлари эмаслигини маълум қилган. Блогер ушбу шароитда ўзи ҳам ушбу маълумотни “аҳмоқлик” деб қабул қилганини тан олган.
Эслатиб ўтамиз, 3 декабрь куни Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилганди. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай ҳарбий ҳолат бекор қилинди. Юн Сок Ёлга нисбатан эса импичмент жараёни бошланди. Унинг дастлабкисида Президент ўз ўрнини сақлаб қолди, лекин бугун, 13 декабрь куни Юн Сок Ёлнинг импичменти тўғрисидаги қонун лойиҳаси Миллий ассамблеянинг ялпи мажлисига қайта киритилди. Овоз бериш эртага, 14 декабрь куни ўтказилиши кутилмоқда.