Жанубий Кореяда ҳарбий самолёт тасодифан уйларга бомба ташлаб юборди
Олам
−
06 Март
9432Бугун, 6 март куни Жанубий Кореянинг Почеон шаҳри яқинидаги ҳарбий машғулотлар пайтида қирувчи самолётлар томонидан ташланган бомбалар тинч аҳоли пунктига тушиб, уйлар ва черковга зарар етказди. Бу ҳақда Корея Республикаси Ҳарбий ҳаво кучлари ва ўт ўчириш бўлими маълум қилди.
Геонгги-до Букбу ёнғин хавфсизлиги хизмати баёнотида 15 киши яралангани, улардан икки нафари оғир жароҳатлангани айтилган.
Почеон Сеулдан тахминан 40 километр шимоли-шарқда, Шимолий Корея билан қаттиқ ҳарбийлаштирилган чегара яқинида жойлашган.
Жанубий Корея Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, KF-16 самолётларидан саккизта 225 килограмли Mk82 бомбаси қўшма жонли ўқ отиш машқлари пайтида ўқ отиш майдончаси ташқарисига тушиб кетган.
“Биз ноодатий ҳодиса оқибатида етказилган зарар учун узр сўраймиз ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз”, дейилади ҳаво кучлари баёнотида.
“Yonhap” агентлигининг ёзишича, ҳудудда яшовчилар йиллар давомида яқин атрофдаги машғулот майдончаларининг нотинчлиги ва эҳтимолий хавф ҳақида норозилик билдириб келган. Расмийлар портламай қолган бомбалар бор-йўқлигини текширидҳи учун тушга яқин аҳоли эвакуация қилинган.
Мудофаа вазирлиги эса Жанубий Корея ва АҚШ кучлари келаси ҳафта бошланиши керак бўлган йиллик ҳарбий машғулотлар билан боғлиқ Почеон шаҳрида биринчи қўшма жонли ўқ отиш машқларини ўтказаётганини эълон қилганди.
“Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар 10 март куни “Озодлик қалқони” йиллик машғулотларини бошлайди. 20 мартга қадар давом этадиган қўшма машғулотлар Шимолий Корея каби таҳдидларга қарши иттифоқнинг тайёрлигини кучайтиришга қаратилган”, дея хабар беради Сеулдаги штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси.
Билдирилишича, бу йилги машғулотларда “яқиндаги қуролли можаролардан олинган сабоқлар” ва Шимолий Кореянинг Россия билан ўсиб бораётган ҳамкорлигига жавоб бўлади. Машғулотларда 70 га яқин қўшма дала машқлари ўтказилиши режалаштирилган
“Бизнинг режалаштирувчиларимиз бутун дунё бўйлаб ўзгарувчан тенденцияларни аниқлайди ва биз буни машқларимизга қандай киритишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз”, дейди Кореядаги Қўшма Штатлар кучлари матбуот котиби Райан Дональд.
LiveБарчаси