Жанубий Корея Президенти ўзбекистонлик вазир Шинни мукофотлади
Жамият
−
11 Ноябрь 2020
7796Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Корея Республикасининг “Дипломатик хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Уни ушбу мукофот билан тақдирлаш тўғрисидаги фармон Президент Мун Чжэ Ин томонидан имзоланган. Кеча, 10 ноябрь куни Агриппина Шинга ушбу орденни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Аргиппина Шин ўз нутқида Корея Республикаси кўп йиллар давомида Ўзбекистоннинг асосий шерикларидан бири, йирик сармоядор, Ўзбекистонда иқтисодиётини таркибий ўзгартириш ва модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг иштирокчиси сифатида қаралаётганини таъкидлади.
Маросимда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чжэ Квон, Мудофаа бўйича атташе Парк Ан Со, иккинчи котиб хоним Кан Жи У, иккинчи котиб Гу Гван Иль, консул жаноб Ким Мун Чжэ, Ўзбекистон Республикаси Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов, Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, МТВ Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Мирзиёева иштирок этган.
“Биродар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Корея Республикаси Президентининг энг юқори мукофоти билан тақдирланиш мен учун катта шарафдир. Ушбу мукофот менинг келажакдаги фаолиятим учун яна бир туртки бўлади. Мен бундан кейин ҳам икки мамлакат равнақи, Ўзбекистон-Корея муносабатларини кенгайтиришга ўз ҳиссамни қўшишга тайёрман”, дейди вазир Шин.
Маълумот ўрнида, “Дипломатик хизматлари учун” ордени 1963 йил 25 июлда мамлакат фуқароларини ва чет элликларни дипломатик соҳадаги хизматлари учун, шунингдек, мамлакатнинг чет элдаги обрўсини оширгани, халқаро ҳамкорлик ва дўстликка қўшган ҳиссаси учун мукофотлаш мақсадида таъсис этилган.
LiveБарчаси