Жанубий Корея КХДР чегарасидаги тарғибот карнайларини олиб ташлаяпти

Олам

image

Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Корея билан чегарадаги тарғибот мақсадида ишлатилган овоз кучайтиргичларни демонтаж қилишни бошлади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб, “Yonhap” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу чора икки Корея ўртасидаги кескинликни юмшатиш мақсадида кўрилмоқда. Демонтаж қилиш ҳақидаги қарор Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён чегарадаги овоз кучайтиргичлар орқали узатиладиган эшиттиришларни тўхтатишни буюрганидан атиги икки ой ўтиб қабул қилинган.

Мудофаа вазирлиги изоҳида айтилишича, бу “қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлиги даражасига таъсир қилмайдиган, аммо Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги кескинликни камайтиришга ёрдам бериши мумкин бўлган амалий чора”.

Жанубий Корея ушбу овоз кучайтиргичларни 2024 йил ёзида, олти йиллик танаффусдан сўнг қайта ишга туширган. Бунга икки давлат ўртасида ахлат тўла шарлар воситасида амалга оширилган кампаниялар сабаб бўлган.

Жорий йилнинг 21 июль куни Шимолий Корея Жанубга қараб яна шундай шарларни учирган. Бунгача, май ойи охиридан бошлаб Пхеньян тўққиз марта шундай ҳаракатни амалга оширган, жами 2 мингдан ортиқ шар учирилган.

Шимолий Корея бу ҳаракатларни Жануб томонидан тарқатилаётган тарғибот варақаларига жавоб сифатида баҳолаган. Ушбу варақалар ҳам ҳаво шарлари орқали Шимолий Корея ҳудудига юборилган.

“Yonhap” Жанубий Корея ҳукумати овоз кучайтиргичлар орқали K-pop мусиқаси, янгиликлар ва бошқа Жанубий Корея эшиттиришларини эфирга узатмоқчи бўлганини билдирган. Тарихан икки давлат 1963 йилдан бери бундай эшиттиришлар орқали тарғибот олиб борган. 2015 йилда юқори даражадаги музокаралар арафасида бу эшиттиришлар тўхтатилган, бироқ 2016 йил январида Шимолий Корея ядро синовлари ўтказганидан кейин Сеул яна уларни тиклаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Корея Халқ Демократик Республикаси Олий халқ мажлиси раиси Пак Ин Чхоль АҚШ ва Жанубий Кореяни ядровий урушга тайёргарлик кўраётганликда айблаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жанубий Корея Шимолий Корея Пхеньян Ли Чжэ Мён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг