Жанубий Корея Ироққа вертолёт етказиб беради
Олам
−
23 Декабрь
2126Жанубий Кореянинг Korea Aerospace Industries (KAI) компанияси Ироққа KUH-1 Surion вертолётларини етказиб бериш бўйича 93,7 миллион долларлик шартнома имзолади. Бу ҳақда компанияга таяниб, “Yonhap” хабар берди.
Қайд этилишича, бу Жанубий Кореянинг Surion вертолётларининг биринчи хорижга етказилиши бўлади. Шартнома 2025 йилнинг март ойи охиридан 2029 йилнинг мартигача амал қилиши режалаштирилган.
Шунингдек, айни пайтда 200 га яқин шундай ўрта ўлчамдаги вертолётлар Жанубий Корея ҳарбийларида хизмат қилаётгани, бу ерда Surion ҳам жанговар вазифаларни, ҳам юк ташиш учун ишлатилаётгани таъкидланган.
“Яқинда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ва Президентнинг импичменти туфайли сиёсий беқарорлик Кореянинг хорижга қурол экспортига тўсқинлик қилиши мумкинлигидан хавотирлар бор эди, энди биз Surion вертолётларини Ироққа етказиб бериш билан бу хавотирлар йўқолади, деб кутмоқдамиз”, деган ҳарбий вакил.
Маълумот учун, 2022 йилда Жанубий Кореянинг қурол экспорти ҳажми рекорд даражадаги 17,3 миллиард долларни ташкил этган. 2023 йилда битимлар қиймати 14 миллиард долларга баҳоланган. Жанубий Корея 2027 йилга келиб дунёдаги тўртинчи йирик қурол экспортчиси бўлишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров бошчилигидаги махсус делегацияси Жанубий Корея ҳукуматидан қурол-аслаҳа сотишни сўраганди.
LiveБарчаси