Жамоат жойларида юзни тўсиб юришни тақиқловчи қонун Сенат томонидан маъқулланди

Жамият

image

Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси киритилмоқда. Бу ҳақда бугун, 30 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг қирқ бешинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган ва сенаторлар томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонунда сўз боради.

Билдирилишича, мазкур ўзгаришдан “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида жорий этилган ахборот дастурларининг самарадорлигини янада ошириш мақсад қилинган. Бунда, жавобгарликни истисно қилувчи ҳолатлар ҳам инобатга олинмоқда. 

“Биз миллий урф-одатлар, шу жумладан диний қадриятларни юксак эъзозлайдиган халқмиз. Лекин шу билан бирга, жамиятимиз, давлатимиз ҳаёти қонун устуворлиги шароитида кечиши зарур. Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар қандай шахс бунга сўзсиз риоя қилиши шарт!", дейди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда мамлакатда фақатгина диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳлар сони ва бунинг ортидан кўп хотинлилик ҳолатлари ортиб бормоқда. Шунингдек, реклама, кўнгилочар ва таҳлилий материаллар орқали кўп хотинлилик ва унинг “афзалликлари”ни тарғиб қилиш авж олмоқда. Бунинг оқибатида қонуний никоҳсиз туғилган болалар сони ҳам ошган.

Республика бўйича 2020 йилда 16 564 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида рўйхатдан ўтказилган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 18 955 тани ташкил этган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур қонунда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини, ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, қонун билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

“Бугунги кунда никоҳ тузиш масаласига бирёқлама, қонун доирасидан ташқарида, фақат диний маросим нуқтаи назаридан қараш, бу борада қонун билан ўрнатилган талабларни писанд қилмаслик, уларни била туриб инкор қилиш ҳолатлари – кейинчалик ҳуқуқий жиҳатдан ечим топиш мушкул бўлган ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараётгани барчамизга маълум. Қонуннинг бошқа нормалари ҳам жамиятимизда ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу ўринда айтиш муҳимки, мазкур янги нормалар фуқароларимизнинг эътиқод эркинлигига мутлақо дахл қилмайди. Аксинча ҳар қандай ижтимоий муносабатлар фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунлар асосида тартибга солинишинигина англатади”, деган Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинганди. Амалдаги қонунга киритилаётган қўшимчалар кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлди, шу боис депутат Алишер Қодиров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаровлар ҳам бу бўйича ўз фикрини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат кўп хотинлилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг