Жамоат хавфсизлиги учун кадрлар тайёрлаш тизими ўзгаради
Жамият
−
16:46 539 2 дақиқа
2026/2027 ўқув йилидан Жамоат хавфсизлиги университетида ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаси учун кадрлар тайёрлаш кўлами кенгайтирилади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 26 августдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, университетнинг бакалавриат бўйича йиллик қабул квотаси кундузги таълим шаклида 600 нафаргача курсант, масофавий таълим шаклида эса 300 нафаргача тингловчи этиб белгиланади. Уларнинг 75 фоизи Ички ишлар вазирлиги тизими учун жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлашга йўналтирилади.
Ички ишлар вазирлиги тизими учун кадрлар тайёрлашда қабул квоталари ва мутахассисликлар тақсимоти ички ишлар органларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланади. Бу масала Президент Администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти билан келишилади.
Шунингдек, университетда ички ишлар органлари ва Миллий гвардия учун “Юриспруденция” йўналишида кадрлар тайёрланади.
Бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва қўриқлаш фаолияти йўналишлари бўйича таълим берилади. Масофавий таълимда эса “Жамоат хавфсизлигини ҳуқуқий таъминлаш” йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланади.
Бундан ташқари, ички ишлар органлари ва Миллий гвардияда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йиллик амалий хизмат стажига эга ходимлар ва ҳарбий хизматчилар магистратурада “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш” мутахассислиги бўйича ўқитилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ватан таянчи” аъзолари ва икки республика мусобақаси ғолибларига олий таълим муассасаларига кириш учун тавсиянома берилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси