Саида Мирзиёева Олий суднинг янги раисини жамоага таништирди

Жамият

image

Ўзбекистонда қонунсизлик ва коррупцияга асло ўрин қолмаслиги шарт. Бу ҳақда бугун, 22 июнь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзди.

Унинг маълум қилишича, бугун Олий суднинг янги раиси Робахон Маҳмудова судьялар ҳамжамияти ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига таништирилган.

“Президентимиз одамлар учун энг муҳим қадриятлардан бири – адолат эканини кўп бор таъкидлаганлар. Жамиятимизда қонунсизлик ва коррупцияга асло ўрин қолмаслиги шарт. Зеро, ривожланиш ва фаровонликка қаратилган ҳар қандай ислоҳот фақат мустақил суднинг ишончли ҳимоясидагина чинакам кучга эга бўлади”, дейди Саида Мирзиёева.

Унинг билдиришича, ҳозирда Тошкент халқаро молия марказида Англия ҳуқуқига асосланган суд тизими шакллантиряпти. Амалдаги судлар ҳам ана шундай янги тажрибаларга очиқ бўлиши, дунёнинг илғор намуналарини ўз фаолиятида дадил жорий қилиши жуда муҳим.

Шунингдек, Саида Мирзиёева тизим алоҳида шахсларга боғланиб қолмасдан, кадрлар алмашинувидан қатъи назар, соат механизми каби аниқ ва узлуксиз ишлаши кераклигини қайд этган. Шу билан бирга, ҳар бир судья шарафи ва шаънини юксак даражада сақлаган ҳолда эгнидаги мантиясига муносиб бўлиши лозим.

“Робахон Анваровнага мустаҳкам ирода ҳамда доимо оқилона, ҳалол ва адолатли қарорлар қабул қилишида улкан муваффақиятлар тилайман!” дейди Президент Администрацияси раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Робахон Маҳмудова беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига сайлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг