Жамият иллати – коррупцияга қарши кураш Ўзбекистонда қай аҳволда?
Жамият
−
17 Июнь 2019
12670Коррупция ҳар қандай давлат, ҳар қандай жамиятни кемирувчи иллат. Инсоният бутун ривожланиш тарихи давомида турли технологияларни ихтиро қилди, кўплаб давоси бўлмаган касалликларга даво топди. Афсуски, коррупцияга қарши аниқ бир дори йўқ. Уни фақатгина тизимли кураш орқали йўқ қилиш мумкин. Бу дунё тажрибасида ўз исботини топган.
Аммо ҳар қандай соҳа такомиллашиб, ривожланиб боргани каби, коррупция иллати ҳам ўз тусини ўзгартириб, янги-янги кўринишларда жамиятда “сузиб” юради. Унга қарши кураш усуллари ҳам бир жойда қотиб қолиши мумкин эмас. Ҳўш, бугунги Ўзбекистонда коррупция қарши кураш қай аҳволда? Бу йўналишда инновацион технологиялар қўлланяптими? Одамлар коррупцион ҳолатдан хабар топганда тегишли идораларни бундан огоҳлантириши учун йўллар очиқми? Шу саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилдик ва жавоб олдик.
“Замон жадаллик билан ривожланмоқда. Шундай экан, биз ҳам унга мос равишда коррупцияга қарши янги замонавий инновацион технологиялар асосида кураш олиб бормоқдамиз.
Хусусан, 2019 йил май ойидан Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ўз вақтида етказилишини таъминлаш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида @antikorbot номли махсус бот яратилиб, ишга туширилди.
Эндиликда Адлия вазирлиги ва унинг тизимидаги таълим муассасаларида ноқонуний ишлар, жумладан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ушбу бот орқали хабар бериш мумкин бўлади.
Шу боис, мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурида 2019 йил декабрь ойига қадар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида давлат органларига ахборот бериш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан фуқароларга коррупция фактлари тўғрисида давлат органларини хабардор қилиш имконини берувчи мобил ва бошқа иловаларни ишлаб чиқиш белгиланган.
Шунингдек, Давлат дастурида идоралараро комиссиянинг расмий веб.сайтини яратиш ва ишга тушириш назарда тутилган бўлиб, у орқали фуқаролар билан ўзаро ахборот алмашинувини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди.
Бундан ташқари, 2019 йил 14-15 май кунлари комиссия томонидан БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда ўтказилган форумда Ўзбекистонда инновацион ахборот-коммуникация технологияла-ридан фойдаланишда илғор мамлакатлар тажрибасини жорий қилиш масалалари муҳокама қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олинди”, дея жавоб берди Прокуратура вакили.
LiveБарчаси