Жаҳоннинг биринчи ва иккинчи рақамли ракеткаси Уимблдон финалида тўқнаш келди
Спорт
−
17 Июль 2023
2759Кеча, 16 июль куни Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида “Катта дубулға” туркумига кирувчи Уимблдон турнири ўз ниҳоясига етди. Mусобақанинг финал учрашувида жаҳоннинг биринчи рақамли ракеткаси испаниялик Карлос Алькарас ва 7 карра Уимблдон ғолиби Новак Жокович ўзаро баҳс олиб борди. Турнирнинг ҳал қилувчи марказий ўйини 5 сет давом этди ва 1:6, 7:6 (8:6), 6:1, 3:6, 6:4 ҳисобида испаниялик теннисчи фойдасига ҳал бўлди.
4 соат 43 дақиқа давом этган финал учрашувида Карлос Алкарас 9 та эйс зарбасини амалга оширди. Унда 7 та ижобий якун ва 2 та хато қайд этилди. Шу билан бирга, Карлос Алькарас 19 тадан 5 та брейк-пойнтни бажарди. Новак Жоковичнинг ҳисобига эса ушбу учрашувда 3 та ижобий якун ва 2 та хато ҳамда 15 тадан 5 та брейк-пойнт расмийлаштирилди.
Маълумот учун, мазкур ғалаба испаниялик теннисчининг карерасидаги иккинчи “Катта дубулға” унвони ҳисобланади. У 2022 йилда АҚШ очиқ чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритган эди. Шунингдек, Алькарас Жоковичга Уимблдоннинг саккизинчи унвонини қўлга киритишга ва швейцариялик Рогер Федерер билан турнир финалида ғалаба қозонишлар сони бўйича тенглашишга имкон қолдирмади.
LiveБарчаси