Тошкентдаги “уйлар қирғинининг” асосий фигуранти – Ортиқхўжаев “The Guardian”га мактуб йўллади
Жамият
−
12 Апрель 2019
16674Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Буюк Британиянинг “The Guardian” таҳририятига мактуб ёзди. Пойтахт ҳокими мактубида: “Огоҳлантиришсиз кўчириш: Тошкентда уй-жойларни тўсатдан бузиш ғазабга сабаб бўлмоқда” мақоласидан афсусда эканини билдирди.
“The Guardian”нашри ўз сайтида ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мактубини эълон қилди.
Британия нашри ўз мақоласида Тошкентда камида 10 минг киши ўз уйидан кўчирилганини, шунингдек, яна 30 минг кишининг уйи “снос”га тушиш хавфи борлигини таъкидлаганди.
“Мен Тошкент ҳокими сифатида сизнинг мақолангизни ҳайрат ва афсус билан ўқиб чиқдим”, деган Ортиқхўжаев.
Ҳокимнинг таъкидлашича, одамларнинг кўчирилиши ҳақида огоҳлантирилмаётгани нотўғри. Уларнинг бари огоҳлантирилган, баъзилар икки йил аввал хабардор қилинган.
Бундан ташқари, журналист Тошкент шаҳар маъмурияти билан боғланмагани ва шу сабабдан рақамларнинг тўғрилиги текширилмаганига эътибор берилган.
Мактубда қайд этилишича, ҳисоботда ҳеч бир текширув ва расмий манбасиз 10 минг киши кўчирилган ҳамда 30 минг кишининг кўчирилиш хавфи бор дейилган.
“Тошкентда кўчмас мулкнинг бузилиши ўз-ўзидан рўй бермаяпти. Бу ҳол турар-жойлар оғир ва ярим вайрона аҳволга келганда юз беряпти. Кўп ҳолларда бу туманларда инфратузилма сув таъминоти ва канализация тизимининг тўлиқ янгиланишини талаб қилади”, дейилади ҳоким хатида.
Қайд этилишича, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, бинолар фуқароларни тўла огоҳлантирмай ва компенсация тўлови борасида келишувга эришмай бузилмайди.
“Бу келишув турли кўринишда бўлиши мумкин: янги турар-жой, бозор нархидан келиб чиқиб товон пули ёки уларнинг уйғунлидаги ҳолида. Турар-жойдан кўчиш учун ҳам ёрдам кўрсатилади”, деган Ортиқхўжаев мактубида.
Тошкент ҳокими ўз мактубида шаҳар аҳолисининг ҳаёт тарзи ва уй-жой фондининг шароитини яхшилаш учун ҳаракат қилаётганини қайд этган.
“Биз шаҳримиз аҳолисининг ҳаётини, уй-жой фондининг сифати ва хавфсизлигини яхшилашга ҳаракат қилмоқдамиз. Барча фуқароларга яхшиланган шароитлар таклиф этилди ҳамда ҳеч қандай қонун бузилмади”, дейилади мактубда.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев мактуби сўнгида “The Guardian”га Тошкентга келиш ва шаҳар ҳақида батафсил маълумот олиш учун маъмурият билан учрашишни таклиф қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь