“Жаҳонгир ака буюк лидер”. Мурод Назаровнинг ортида Жаҳонгир Ортиқхўжаев турадими?
Интервью
−
12 Апрель 2021
20083Мурод Назаров бошчилигидаги “Murad building” охирги 10 йилда Ўзбекистонда йирик қурилиш лойиҳаларига қўл урди. Таъбир жоиз бўлса, замонавий қурилиш соҳасининг шаклланиши ва ривожланиши айнан шу ном билан боғлиқ. Ўзбекистонда ортига бирор сиёсий куч ёки катта пулни олмаган, сиёсий элита билан яқин бўлиб, уларни тадбиркорлик фаолиятига шерик қилмаганлар ҳам ном, ҳам нон топиши мумкинми? Бу саволни Мурод Назаровга нисбатан қўлланилганда унинг ортида катта тадбиркор ва бугун Тошкент шаҳар ҳокими бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаев турмаяптими, деган саволлар туғилади. Бу каби саволларга Мурод Назаров QALAMPIR.UZ’нинг “Жим туринг” лойиҳаси жонли эфирида жавоб берди.
“Жаҳонгир ака билан муносабатларимиз ҳаммага қизиқ. Жаҳонгир ака менга ҳам устоз, ҳам дўст. Хўш, у киши менинг устозим бўлса, демак менга пул тиккан одамми, деган савол туғилиши мумкин. Йўқ! Мен ҳаммани устоз деб биламан. Кимдан нима ўргансам, ўша инсон менга устоз”, дейди Мурод Назаров.
У, шунингдек, Зафар Ҳошимов, Ҳасан Мамасаидов, Алишер Исаев ва Жаҳонгир Пўлатов каби тадбиркорларни ҳам ўзига устоз деб билишини урғулади. У яна Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳақида тўлқинланиб гапираркан, Ортиқхўжаевга “буюк лидер”, деб таърий берди.
“Мен очиғини айтаман: Жаҳонгир ака, буюк лидер. Жаҳонгир аканинг жамоалари билан муносабатларини кўрган ҳар қандай одам у кишини ҳурмат қилади. Жамоага оиладек қарайдилар. Жаҳонгир аканинг дўстлари йўқ, кам. Уларнинг дўстлари – компаниялари, жамоалари. У киши қўл остидагиларни “ишчи” демайди, бу сўзни ишлатмайди”, дейди Назаров.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев йирик тадбиркор, шаҳар ҳокими бўлса ҳам қўл ҳокимият ошхонасида ўз ходимлари билан бирга овқатланади. Ва бугун бундай раҳбарларни учратиш қийин.
“Жаҳонгир ака учун битта ғоя атрофида ишлаётган одамлар – у кишиниг ака-укаси ва дўстлари. Улар билан “болам” деб муносабат қилишлари ва қайсидир ғояларни бериб, руҳлантириб юборишларини кўриб, ўрнак оламиз”, дейди Мурод Назаров.
У Ортиқхўжаевни “ҳақиқатан “дух”ли одам”, дейди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди. Бунга ҳам уч йил тўлмоқда. Бу вақт давомида эса Мурод Назаров унинг энг яқин дўстларидан бири бўлса ҳам Ортиқхўжаевдан манфаатдан кўра, кўпроқ зарар кўрган.
“Жаҳонгир ака ҳоким бўлганларидан кейин манфаатдан кўра, кўпроқ зарба едим. Қанча лойиҳаларим тўхтади. Чунки Жаҳонгир ака, “Қўй, қилма, эртага яна мени “подержка” қилди деб айтишмасин”, дейдилар.
Мурод Назаров Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг дангаллиги – унинг хатоси эканини айтаркан, бундан ўзи ҳам кўп панд ейишини урғулайди:
“Тўғри, у кишининг ҳам хатолари бор. У ўз хатоларини биладиган одам. У мард одам. Дангалини айтганда эркак одам. Бировнинг ортидан ўйин қилиш, иккиюзламачилик одати йўқ”.
Агар Мурод Назаровнинг ортида шаҳар ҳокими турмаса, унда ким бор? Назаров йиллар давомида ўртага чиқиб келаётган ушбу саволга ҳам жавоб берди ўтди.
“Менга бу саволни 10 йил аввал ҳам беришар эди. Биласизки, 10 йил аввалги вазият бугунгисига қараганда анча бошқача бўлган. Ўша вақтда қурилиш қилиш бошқаларнинг ҳам қўлидан келган, лекин бунинг учун жасорат керак эди. Ёш йигит бўла туриб, қурилишда катта лойиҳаларни бошлаганимизда, “уни ортида ким турибди”, деб кўпчилик савол берарди. Ўшанда “энг каттаси”, деб жавоб берардик. Шунда “Президентми?”, дейишарди. Ундан ҳам каттаси, дердим. Шунда баъзилар Россиядаги Алишер Усмонов, деб тахмин ҳам қилишган. Яна айримлар Россиядаги бошқа олигархлар, деб ўйлашарди. Индамасдим. Ҳозир ҳам сўрасангиз жавобим шу: энг каттаси туради. Бу Аллоҳга таваккал. Қўрқадиган жойимиз йўқ. Ҳалол ишлаганимиздан кейин ортимизда кимдир туришининг кераги йўқ. Аксинча, сизнинг ортингизда қандайдир куч ёки сиёсатчи бўлиши – бу сизга зарар. Бу – катта хавф. Чунки, замон, кучлар, сиёсат ўзгаради. Агар сизнинг қайсидир кучга боғлиқ жойингиз бўлса, ўша ўзгариш пайтида сиз ҳам йўқ бўлишингиз мумкин.
Бизнинг ортимизда дуо қилиб тургувчи оналаримиз, кўпдан-кўп ватандошларимиз ва албатта, қуллаб-қувватлаб турадиган Яратган эгамиз туради. Бошқа бирор кимга ишониб яшайдиган инсон эмасмиз”.
Мурод Назаров билан интервьюни ҳозироқ юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.