Жаҳон чемпионати олдидан Марокаш мураббийи ишдан кетди

Спорт

image

Жаҳон чемпионати бошланишига 3 ойдан сал кўпроқ вақт қолганда Марокаш терма жамоаси бош мураббийи Валид Реграги лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат футбол федерацияси хабар берди.

Марокаш Қироллик футбол федерациясининг  маълум қилишича, Реграгининг ўрнини мамлакат ёшлар терма жамоасида фаолият юритган 49 ёшли Муҳаммад Уахби эгаллайди.

Реграги ўзи эса Instagram саҳифасида терма жамоа билан боғлиқ унутилмас лаҳзалар акс этган видеони жойлаштириб, “Абадий Марокаш. Раҳмат” деб изоҳ қолдирган.

50 ёшли Реграги Марокаш терма жамоасини 2022 йил август ойида қабул қилиб олган. Унинг қўл остида жамоа 49 та учрашув ўтказиб, 36 тасида ғалаба қозонган, 8 тасида дуранг ўйнаган ва 5 марта мағлуб бўлган.

2022 йилда Марокаш тарихий натижага эришиб, Жаҳон чемпионати ярим финалига чиққан биринчи Африка ва Араб жамоасига айланди. Реграги бошқарувида жамоа Африка кубоги финалига ҳам етиб борди, аммо 2026 йилнинг январь ойида ҳал қилувчи баҳсда Сенегалга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

Шунингдек, сентябрь ойида Марокаш 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олган биринчи Африка жамоасига айланди. Гуруҳ босқичида улар Бразилия, Шотландия ва Гаити терма жамоаларига қарши майдонга тушади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Барселона” жамоасининг собиқ бош мураббийи Хави Марокаш терма жамоаси бош мураббийи лавозимига номзод сифатида кўриб чиқиллаётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон чемпионати Марокаш Валид Реграги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг