Зеленский Европа етакчилари билан учрашиш учун Гранадага борди
Олам
−
05 Октябрь 2023
4030Бугун, 5 октябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитида иштирок этиш учун Испанияга борди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
“Гранада, Испания. Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити. Украина бошқа давлатлар қатори қитъада хавфсизлик ва барқарорлик учун бизнинг умумий Европа уйимизда иштирок этади”, деб ёзди Зеленский ўз саҳифаларида.
Унинг сўзларига кўра, саммит доирасида умумий форматларда ишлаш ва муҳим икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
“Биз учун, айниқса қиш олдидан, ҳаво мудофаасини кучайтириш муҳим. Шу боис ҳамкорлар билан янги келишувларга эришиш учун асос бор. Биз уларни тасдиқлаш ва амалга оширишга тайёрланяпмиз”, дейди Зеленский.
Унинг айтишича, яна бир муҳим мавзу – Европада мавжуд хавфсизлик архитектурасини мустаҳкамлаш.
“Биз ҳамкорлар билан Европа хавфсизлик архитектурасини, хусусан, минтақавий хавфсизликни кучайтириш устида ишлаяпмиз. Украинанинг бу борада жиддий таклифлари бор. Биз Қора денгиз минтақасига, шунингдек, глобал озиқ-овқат хавфсизлиги ва навигация эркинлигини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизга алоҳида эътибор қаратамиз. Бу кун Украина ва бутун Европа учун самарали бўлиши керак”, дея хулоса қилган Президент.
Маълумот учун, Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель ЕИга аъзо давлатлар раҳбарларига 6 октябрь куни Гранадада бўладиган норасмий учрашувга таклифнома юборган эди. Саммитда ЕИ олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, иттифоқнинг келгусидаги устувор йўналишларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Йиғилишдан 2024-2029 йилларга мўлжалланган стратегик кун тартиби тақдимоти ҳам ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур саммит доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг ҳам музокаралари бўлиши керак эди. Бироқ кеча, 4 октябрь куни Илҳом Алиев Испанияга ташриф буюришдан бош тортди. Бунга Франциянинг бузғунчи позицияси, шунингдек, Париж ва Берлиннинг Туркиянинг учрашувдаги иштироки бўйича келишмовчилиги сабаб бўлди. Никол Пашинян эса Озарбайжон Президенти учрашув ўтказишдан бош тортганига қарамай, Испаниянинг Гранада шаҳрига боради.