Зеленский Украинанинг музокаралардаги “қизил чизиқлари”ни маълум қилди
Олам
−
27 Декабрь 2025 6163 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ етакчиси Дональд Трамп билан учрашув арафасида тинчлик музокараларидаги Украина учун аниқ “қизил чизиқлар”ни маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 27 декабрь куни журналистларнинг саволларига жавоб берар экан айтиб ўтди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина учун “қизил чизиқлар” – ҳудудий масалалар, Запорожье АЭС ва хавфсизлик кафолатлари ҳисобланади. Украина раҳбари келишилмаган масалалар имкон қадар кам бўлиши учун иш олиб борилаётганини ҳам маълум қилган.
“Албатта, Украина учун “қизил чизиқлар” бор ва мен америкаликларнинг муросавий таклифлари борлигига ишонаман, биз уларни биламиз, эҳтимол, душманимизнинг ҳам ўз мақсадлари бор. Бу масалаларнинг барчаси жуда нозик. Гап ҳудудлар, АЭС ҳақида кетмоқда. Менинг муносабатимни биласиз – биз ҳеч қандай шароитда ҳеч нарсани юридик жиҳатдан тан олмаймиз. Агар ёндашувлар янгиланса, албатта, у ёки бу қарордан олдин биз халқ билан мулоқот қиламиз”, дейди у.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, жамият билан муҳокама қилиш масаласи турли шаклларда бўлиши мумкин.
“Аммо энг асосийси – хавфсизлик кафолатлари. Ҳудудий масалалар ва АЭСдан ташқари, биз учун жуда муҳим бўлган хавфсизлик кафолатлари бор”, дейди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский тез орада Россия билан урушни якунлаш масаласида Дональд Трамп билан учрашишини маълум қилганди. Учрашув Трампнинг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго номли шахсий қароргоҳида бўлиши кутилмоқда. Агар ҳаммаси режа бўйича кетса, учрашув эртага, 28 декабрь куни бўлиб ўтади.
Live
Барчаси