Зеленский Украинанинг Курскдаги операциясидан мақсад нималигини айтди
Олам
−
19 Август
22579Украина Президенти Владимир Зеленский Украинанинг Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги мақсади “буфер зонасини яратиш” эканлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 19 август куни, кечки мурожаатида сўз очди.
“Агрессор ҳудудида буфер зонани яратиш бизнинг Курск вилоятидаги операциямиздир”, дейди Президент.
У, шунингдек, Киевнинг иттифоқчиларини ҳарбий ёрдам етказиб беришни тезлаштиришга чақирди.
“Бош қўмондон Сирскийдан Украина шарқидаги вазият, Курск вилоятидаги операция, “алмашинув фонди” ва бригадаларимиз – захираларимизни ўқ-дорилар ва қурол-яроғлар билан таъминлаш тўғрисида ҳисобот олдим. Йигитларимиз барча фронтларда ажойиб натижаларга эришмоқда. Бироқ, бизнинг ҳамкорларимиз тезроқ қуроллар етказиб бериши керак. Биз буни қаттиқ сўраймиз. Урушда таътил йўқ. Эълон қилинган ёрдам пакетлари учун ўз вақтида логистика керак. Мен, айниқса, АҚШ, Буюк Британия ва Францияга мурожаат қиламан”, дейди Зеленский.
Маълумот учун, 6 август куни Украина Қуролли кучлари Курск вилоятига ҳужум бошлади. 9 август куни минтақада федерал даражадаги фавқулодда ҳолат жорий этилди. 10 август куни Россия Федерацияси Миллий аксилтеррор қўмитаси Белгород, Курск ва Брянск вилоятларида терроризмга қарши операция режимини жорий қилди. 12 август куни Белгород вилоятининг Украина билан чегарадош Краснояружский туманида эвакуация бошланди.