Зеленский Украинанинг қарши ҳужумдаги муваффақиятсизлиги сабабини айтди
Олам
−
20 Декабрь 2023
10617Украина Президенти Владимир Зеленский украиналик сиёсатчиларнинг қўшинлар қаерга ҳужум қилишини олдиндан айтгани Қуролли кучларнинг мамлакат жанубидаги қарши ҳужуми муваффақиятсиз ўтганига сабаб бўлганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 19 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.
“Жанубда қийинчиликларга дуч келдик, чунки ҳамма мақсадимиз нима эканини, қаерга кетаётганимизни биларди. Бу эса россияликларга бунга яхши тайёргарлик кўриш имконини берди”, дейди Зеленский.
Шунингдек, у Украинада урушнинг янги йилда тугаши мумкинми деган саволга ҳам жавоб берган.
“Қўмондонлар ва Ғарб ҳамкорлари бу уруш кўп йиллар давом этишини айтишганди, бироқ буни ҳам аниқ билишмайди. Бу суҳбат, кўпинча ҳақиқатдан фарқ қиладиган фикрлар. Уруш, ғалаба, мағлубият, турғунлик – бу жуда кўп қарорлар, хавфлар, йўналишларга боғлиқ бўлган масалалар. Лекин кўп ҳолларда бу сизга ва менга боғлиқ: агар чидамлилигимизни йўқотмасак, урушни эртароқ тугатамиз”, дейди Зеленский.
Унинг айтишича, скептицизм мамлакатни йўқотишга олиб келади.
“Мен бунга тайёр эмасман ва мен каби миллионлар борлигига аминман. Биз ўз ватанимизни бериб қўймаймиз”, деган Украина Президенти.
Шунингдек, Президент ўз мамлакатида артиллерия ўқ-дорилари тақчиллиги ва ҳарбий хизматга чақирув тизимига ўзгартиришлар киритиш зарурлигини тан олди ва армияни кўпроқ одамларни сафарбар қилиш режалари ҳақида батафсил маълумот беришга чақирди.
Зеленский армия 450 000 дан 500 000 гача қўшимча аскарларни сафарбар қилишни сўраганини айтди, аммо бу “жуда нозик” масала бўлгани учун қарор қабул қилишдан олдин ўзаро муҳокама қилиниши ҳамда етти ўлчаб, бир кесган ҳолда қарор қабул қилинишини билдирган.
Қуролли Кучлар раҳбари Валерий Залужнийнинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Зеленский у билан "яхши иш муносабат"далигини ва унинг "шахсият"га қизиқмаслигини айтган.
LiveБарчаси