Зеленский учаётган самолёт дрон билан тўқнашишига оз қолди
Олам
−
09:58 3280 2 дақиқа
Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг самолёти Молдовадан Ослога учиб кетаётганида дрон билан тўқнашишига оз қолганини айтди. Бу ҳақда Йонас Гар Стёре NRK давлат телерадиокомпаниясига берган интервьюсида маълум қилди.
“Унинг самолёти Молдовадан учиши керак бўлган вақтда дрон билан тўқнашишига оз қолган. Бу у яшаётган ҳақиқат”, деган Стёре.
Бош вазир воқеа ҳақида бошқа тафсилотларни маълум қилмаган. Дрон қаердан учгани, кимга тегишли экани ва самолётга қанчалик яқин келгани номаълум.
Норвегия Бош вазири девонхонаси кейинчалик баёнотга аниқлик киритган. Унга кўра, Молдова ҳаво ҳудудида дронлар сабабли хавф юзага келган ва бу Зеленскийнинг Осло томон парвозини кечиктирган.
“Бу у ҳар куни дуч келадиган таҳдидлардир. Дронлар унинг самолётига қанчалик яқин бўлганини билмаймиз“, дейилади баёнотда.
Шунингдек, ҳодиса тасодифий бўлганми ёки Зеленскийга қасддан ҳужум қилишга уриниш бўлганми, ҳозирча номаълум. Украина томони эса Стёренинг баёнотига изоҳ бермаган.
Қайд этилишича, Зеленский жорий йилнинг 8 сентябрь куни кечқурун Молдовадан Ослога етиб борган. У Норвегия қироли Ҳаральд V нинг дафн маросимида қатнашиш учун мамлакатга ташриф буюрган.
Кеча, 9 сентябрга ўтар кечаси Россия дронлари Украинанинг Одесса вилоятида, Молдова чегарасидаги “Старокозачье“ халқаро автомобиль ўтказиш пунктига ҳужум қилган. Зарба оқибатида икки киши ҳалок бўлган. NRK маълумотига кўра, Зеленский Ослога учиб келган аэропорт ушбу чегара пунктидан автомобилда тахминан икки соатлик масофада жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Молдовадан Ғарб давлатлари кўмагида Россия билан урушга тайёрланаётганликда айблаган эди.
Live
Барчаси