Зеленский тинчлик музокаралари қачон бошланишини айтди
Олам
−
09:58 2845 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Украина, АҚШ ва Россия ўртасидаги уч томонлама музокаралар ноябрь ойида ўтказилиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг айтишича, учрашувдан мақсад урушни тўхтатиш бўйича тўхтаб қолган музокараларни қайта бошлашдир. Бу ҳақда у кеча, 25 октябрь куни Украина телевидениесига берган интервьюсида сўз очди.
Зеленскийнинг айтишича, Украина музокараларга тайёр. Бироқ ҳудудий масалалар давлат раҳбарлари даражасида муҳокама қилиниши керак, бошқа масалаларни эса техник гуруҳлар кўриб чиқиши мумкин.
“Биз музокараларга тайёрмиз. Агар гап ҳудудий масала ҳақида кетаётган бўлса, у давлат раҳбарлари даражасида ҳал қилиниши керак. Бошқа масалалар техник гуруҳлар ваколатига киради. Буларнинг барчасини ноябрь ойида муҳокама қилиш мумкин“, деган Зеленский.
Сўнгги ҳафталарда урушни тўхтатиш бўйича уч томонлама музокараларни қайта бошлаш масаласи фаол муҳокама қилинмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти бу борада дипломатик саъй-ҳаракатларни кучайтирган.
Аввалроқ, АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф жорий йилнинг 20 октябрь куни Норвегиянинг Осло шаҳрида Зеленский ва Европа давлатлари раҳбарлари билан учрашган эди. Эртаси куни эса Россия Президенти Владимир Путин билан Санкт-Петербургда музокара ўтказган.
Ушбу учрашувлардан сўнг Киев ва Москва АҚШ воситачилигида тўғридан тўғри музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирган. Путиннинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков Россия раҳбари музокараларни жорий йилнинг 10 ноябридан кейин қайта бошлаш таклифини принципиал жиҳатдан қўллаб-қувватлаганини айтган.
Ушаковнинг маълум қилишича, музокараларда уруш тугаганидан кейин Россия ва Украина учун хавфсизлик тизимини яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Зеленский Вашингтоннинг музокараларни тезроқ қайта бошлаш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирган. Унинг таъкидлашича, асосий мақсад урушни тугатиш, тинчликка эришишни тезлаштириш ва давлат раҳбарлари даражасидаги учрашувга тайёргарлик кўришдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский АҚШ Украинага Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб беришни қисқартиргани сабабли Россия Украинага баллистик ракета ҳужумларини кучайтириши мумкинлигини айтган эди.
Live
Барчаси