Зеленский Путин билан 3 та жойда учрашишга рози эканини айтди
Олам
−
21 Август 15137 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Президенти Владимир Путин билан Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича Австрия, Швейцария ёки Туркияда учрашув ўтказишга рози, аммо Венгрия ёки Россияда эмас. Бу ҳақда Украина раҳбари кеча, 20 август куни Киевда журналистлар билан учрашувда айтиб ўтди.
“Биз буни адолатли деб ҳисоблаймиз ва европаликлар бу учрашув нейтрал Европада бўлиши кераклигини таъкидлади. Чунки Украинадаги уруш Европа қитъасида. Мен рози эканимизни айтдим. Швейцария, Австрия – биз розимиз. Туркия? Биз учун Туркия НАТО давлати ва Европанинг бир қисмидир ва биз қарши эмасмиз”, деди у.
Шунингдек, Зеленский “Москвада ҳеч қандай учрашув бўлиши мумкин эмас” деб таъкидлади.
“Будапештга платформа сифатида келсак, бугунги кунда бу осон эмасдек туюлади. Бу осон эмас, чунки уруш пайтида Украинани қўллаб-қувватлашда барча Европа давлатлари ўртасида бирлик бор. Ростини айтсам, Будапешт бизни қўллаб-қувватламади. Мен Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг сиёсати Украинага қарши бўлган демаяпман, лекин у Украинани қўллаб-қувватлашга қарши эди”, деди Зеленский.
Президент Венгрия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига ҳам қарши эканини эслатиб ўтди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Путин ва Зеленский билан учрашувининг тахминий санаси сифатида 22 августни айтганди. 18 август куни Вашингтонда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Оқ уй раҳбари ва Европа етакчилари Россия Федерацияси ва Украина Президентлари ўртасидаги учрашувга тайёргарлик кўришини эълон қилди, бироқ аниқ сана айтилмади. Германия канцлери Фридрих Мерц бу кейинги икки ҳафта ичида ўтказилиши кераклигини айтди. Шу кунгача Москва саммитга тайёрлигини тўғридан тўғри тасдиқламади ва ҳеч қандай санани айтмади.
“Ҳозир Россия томонидан қадам бўлиши керак”, деди Зеленский 20 август куни Киевда .
Унинг айтишича, Украина расмийлари “7-10 кун ичида хавфсизлик кафолатлари архитектурасини тушунмоқчи”.
“Тушуниб бўлгач, уч томонлама форматда учрашувга эришиш. Бу менинг мантиқим эди. Президент Трамп бироз бошқача мантиқни таклиф қилди: икки томонламадан кейин уч томонлама учрашув. Икки томонлама учрашувга мен дарҳол жавоб бердим. Биз тайёрмиз. Лекин руслар тайёр бўлмаса-чи? Европаликлар бу масалани кўтарди. Агар руслар тайёр бўлмаса, унда биз АҚШдан бунга қаттиқ муносабат билдиришни истардик”, деди Украина Президенти.