Зеленский мусулмонлар билан ифторлик қилди

Олам

image

Кеча, 7 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский Киев вилоятининг Чайки қишлоғида жойлашган Қрим мусулмонларининг “Бирлик” марказига бориб, у ерда мусулмонлар билан бирга ифторликда иштирок этди. Бу ҳақда Украина раҳбари Матбуот хизмати маълум қилди.

Қрим мусулмонлари марказидаги ифторликда қрим-татар халқи етакчиси Мустафо Жемилев ҳамда жамоат ва дипломатик муассасалар вакиллари иштирок этган.
Ифторликда нутқ сўзлаган Украина раҳбари бу мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи янги анъананинг бошланиши бўлишини таъкидлаган.

“Бугун биз Украина учун ана шундай анъанани – расмий даражада ифторликни – қаҳрамонларимиз, ҳозирги мусулмон аскарлари, қрим-татар халқи мажлиси, Украинанинг бутун мусулмон жамоатчилиги вакиллари билан бирга бошлаяпмиз. Бу билан биз Украина ҳар бир инсонни, ҳар бир жамиятни қадрлашини тасдиқлаймиз”, деган Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, Украина тинчлик ва ёвузликдан ҳимояланишга интилаётган мусулмонлар ҳамда бутун дунё мусулмон жамоасидан миннатдор. 

“Ҳаммамизни иймон бирлаштиради. Бизга эртага нима бўлишини аниқ билиш имкони берилмаган. Аммо ҳаммамиз бир нарсага аминмиз: бизни синдириш, бўлиш ва йўқ қилиш мумкин эмас. Айниқса, бизнинг асосий жиҳатимиз – қадриятларимизни йўқ қилиб бўлмайди, чунки бирлик ва эркинлик йўлида ўзаро ҳурмат билан олға юрамиз. Бизга бу энг муҳим нарсани берган, бизга ҳаёт берган зотга иймон келтирамиз ва у бизга ғалаба келтирадиган кун келишига ҳам ишонамиз”, деган Украина Президенти.  

Шунингдек, Зеленский тадбир давомида Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги учун жангларда ўзини кўрсатган аскарларга мукофотлар топширган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Қрим Рамазон ойи Зеленский ифторлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made