Зеленский Мудофаа вазири лавозимига Ўзбекистонда туғилган Рустам Умаров номзодини кўрсатди

Олам

image

Зеленский Мудофаа вазирини ўзгартиришга қарор қилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.  

Украина Президенти Олий Радага Мудофаа вазири Алексей Резниковни Рустам Умаров билан алмаштиришни таклиф қилди.

Резников Мудофаа вазирлигини 2021 йилдан буён бошқариб келмоқда. Унинг эҳтимолий истеъфоси ҳақидаги хабарлар февраль ойида – ҳарбийлар учун маҳсулотларни оширилган нархларда сотиб олиш билан боғлиқ можаролардан сўнг пайдо бўлди. 

Зеленский Олий Радага Алексей Резников ўрнига Давлат мулк жамғармаси раҳбари – Рустам Умаровни тайинлаш таклифини берди.

"Украина Мудофаа вазири Алексей Резников ўз лавозимини тарк этиши керак. Департаментга ҳарбийлар билан ишлашда янгича ёндашув ва самарали форматлар даркор. Вазирлик бошқаруви учун кўпроқ Рустам Умаров муносиб. Украина Олий Радаси бу одамни жуда яхши билади ва жаноб Умаровни ортиқча таништиришнинг ҳожати йўқ. Парламентдан ушбу номзодни қўллаб-қувватлашларини кутаман”, деган Зеленский.

Резников “Babel” порталида Президентнинг ташаббусини шарҳлар экан: “Бундан хабарим йўқ”, дейиш билан чекланган.

Маълумот ўрнида, Рустам Умаров 1982 йилда Самарқандда Қрим ярим оролидан келган қрим-татар мусулмонлари оиласида туғилган. Отаси Анвар Умаров технологик муҳандис, онаси Марям Умарова кимё муҳандиси бўлган. Умаровлар оиласи 1944 йил 18 майда совет ҳукумати томонидан қрим-татар халқи билан бирга ўз ватанидан Ўзбекистонга депортация қилинган. 2015 йилда Олий Рада бу депортацияни қрим-татар халқининг геноциди деб тан олган. 1980 йилларнинг охири ва 1990 йилларнинг бошларида Умаровлар оиласи Украинага қайтган.

Репатриация (ватанига қайтгани)дан сўнг, у Қрим гимназиясини “American Future Leaders Exchange” дастури бўйича стипендия билан тамомлаган. Миллий бошқарув академиясида (Украина) иқтисод бўйича бакалавр ва молия бўйича магистр даражасини олган.

2000 йилларда Умаров бироз адвокатлик билан ҳам шуғулланган. 2013 йилда укаси билан биргаликда АSTEM инвестиция компанияси ва АSTEM Foundation хайрия жамғармасига асос солди. 2019 йилда “Holos” партиясидан Олий Радага сайланган. 2022 йилдан бери Украина Давлат мулк жамғармаси раиси вазифасида фаолият юритиб келади. 

Шунингдек, у 2022 йилнинг баҳорида Россия билан музокаралар олиб борган Украина делегацияси аъзоларидан бири бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мудофаа вазири Алексей Резников Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси этиб тайинланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Акобир Сайидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Украина Зеленский Рустам Умаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг